Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбарлигига қайта номзод этиб кўрсатилди
Россиянинг ҳукмрон «Ягона Россия» партияси Рамзан Қодировни Чеченистон Республикаси раҳбари лавозимига қайта номзод сифатида кўрсатди.
Россия ОАВлари хабарларига кўра, тегишли қарор партиянинг Грозний шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий бўлими конференциясида бир овоздан қабул қилинган.
Рамзан Қодиров Чеченистонни 2011 йилдан буён бошқариб келмоқда. У 2007–2011 йилларда республика президенти, 2005–2006 йилларда эса Чеченистон ҳукумати раиси лавозимларида фаолият юритган.
Унинг раҳбарлиги даврида республикада инфратузилмани тиклаш ва асосий иқтисодий тармоқларни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий дастурлар амалга оширилди. Жумладан, уй-жойлар, автомобиль йўллари, таълим ва тиббиёт муассасалари қурилиши бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.
Шунингдек, Қодировнинг сиёсий фаолияти Россия федерал кун тартибида фаол иштирок этиш ҳамда республика ва марказий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан ҳам боғлиқ экани қайд этилган.
