9 йиллик уриниш самара берди: поляк фуқароси 139-мартада имтиҳондан ўтди
Польшада бир фуқаро 9 йил давомидаги 139 та муваффақиятсиз уринишдан кейин ҳайдовчилик имтиҳонининг назарий босқичини муваффақиятли топширди. Бу ҳақда TVP World хабар қилди.
Польша қонунчилигига кўра, номзодлар аввал компьютер орқали назарий имтиҳондан ўтиши керак. Ушбу босқичдан ўта олмаганлар амалий ҳайдовчилик имтиҳонига қўйилмайди.
Кўпчилик назарий синовни бир неча уринишда муваффақиятли топширса, Тарнув шаҳрида яшовчи эркак бунинг учун қарийб тўққиз йил сарфлади. У 2017 йилдан бери мунтазам имтиҳон топшириб келган ва бу жараёнда тахминан 1800 евро маблағ сарфлаган.
Тарнув йўл ҳаракати маркази директори Павел Гургулнинг айтишича, эркак кўплаб муваффақиятсизликларга қарамай мақсадидан воз кечмаган. Унинг таъкидлашича, бу ҳайдовчилик гувоҳномаси номзод учун қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Маълум бўлишича, эркак аввал имтиҳонга тайёргарликда барча саволларни ўз ичига олмаган демо-версиядан фойдаланган. Кейинчалик эса тўлиқ саволлар базасига эга дастурдан фойдаланишни бошлаб, хатоларини камайтирган ва охир-оқибат имтиҳондан ўтишга эришган.
Энди у амалий ҳайдовчилик имтиҳонига тайёргарлик кўрмоқда. Агар ушбу босқичдан ўта олмаса, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий имтиҳонни яна қайта топширишига тўғри келади.
Қизиғи шундаки, 139 та уриниш Польша учун рекорд эмас. Бундан аввал Пётркув-Трибунальский шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро 17 йил давомида 163 марта уринишдан сўнг назарий имтиҳонни муваффақиятли топширган эди.
