Дунёда ҳар беш одамдан бири саратонга чалинади — ЖССТ хавотирли ҳисоботни эълон қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) саратон касаллиги бўйича янги глобал ҳисоботини эълон қилди. Унда қайд этилишича, дунёда ҳар беш инсондан бири умри давомида саратонга чалиниши мумкин. Шу билан бирга, касаллик билан боғлиқ тиббий, руҳий ва молиявий муаммолар миллионлаб одамларнинг ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирги кунда ҳар йили тахминан 20,6 миллион кишида саратон аниқланади ва 10 миллионга яқин одам ушбу касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Мутахассислар прогнозига кўра, 2050 йилга бориб янги касалланиш ҳолатлари сони 35 миллионгача етиши мумкин.
Ҳисоботда мамлакатлар ўртасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятлари бўйича катта тафовут сақланаётгани таъкидланган. Даромади юқори давлатларда кўкрак саратони ёки болалар саратонига чалинган беморларнинг аксарияти камида беш йил яшаса, кам таъминланган мамлакатларда бу кўрсаткич анча паст.
Шунингдек, кўплаб камбағал давлатларда саратонга қарши зарур дори воситалари етарли эмас, айрим мамлакатларда эса радиотерапия ускуналари умуман мавжуд эмас. Бу эса беморларнинг даволаниш имкониятларини кескин чекламоқда.
ЖССТ маълум қилишича, дунё мамлакатларининг қарийб учдан икки қисмида саратонни даволаш тўлиқ давлат тиббий хизматлари таркибига киритилмаган. Даволаш харажатлари юқорилиги сабабли баъзи ҳудудларда беморлар шифохонани даволанишни тугалламасдан тарк этишга мажбур бўлмоқда.
Шу билан бирга, ҳисоботда ижобий ўзгаришлар ҳам қайд этилган. Хусусан, бачадон бўйни саратонининг олдини олиш бўйича самарали усуллар мавжудлиги, тамаки истеъмоли камайиб бораётгани ва кўплаб давлатларда саратонга қарши миллий дастурлар ишлаб чиқилгани таъкидланган.
Мутахассислар фикрича, ҳар 10 та янги саратон ҳолатининг тўрттаси олдини олиш мумкин бўлган хавф омиллари — тамаки чекиш, алкогол истеъмоли, айрим инфекциялар ва ортиқча вазн билан боғлиқ.
ЖССТ ҳукуматларни саратонга қарши курашда профилактика, эрта ташхис, даволаш ва беморларни қўллаб-қувватлаш тизимларини янада кучайтиришга чақирди.
