Фаҳид ороли — яшил ҳаёт ва соғлом турмуш учун яратилган макон
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклашга хизмат қилувчи Фаҳид ороли барпо этилмоқда. 2029 йилда тўлиқ очилиши кутилаётган ушбу ҳудудда 6 мингдан ортиқ хонадон жойлашади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қиймати 10,9 миллиард долларга тенг лойиҳага Абу Даби ҳукуматига қарашли Aldar Development компанияси раҳбарлик қилмоқда. Компания вице-президенти Эмма МакКри Бриннинг айтишича, оролдаги ҳар бир дизайн ва инфратузилма танлови саломатлик нуқтайи назаридан кўриб чиқилган.
Яшил ҳаёт ва инфратузилма
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, яшиллик кўп ва пиёда юришга қулай бўлган ҳудудлар инсон саломатлигига ижобий таъсир қилади. Шу сабабли Фаҳид ороли марказидан 10 километрлик Берм парки ўтади. Бу паркда югуриш ва велосипед йўлаклари бўлади.
2,7 миллион квадрат метр майдонни эгаллаган оролда квартиралардан тортиб ўта дабдабали виллаларгача қурилади. Aldar сайтидаги нархлар 517 минг доллардан бошланиб, 2 миллион долларгача етади.
Орол ичидаги йўлларнинг 70 фоиздан ортиғи сояли бўлади. Бу аҳолига бутун орол бўйлаб пиёда ҳаракатланиш имконини беради. Шунингдек, оролда дўконлар, пляж клублари ва сув спорти марказлари ҳам жойлашади.
2028 йил сентябрь ойида оролда Буюк Британиянинг King’s College School Wimbledon хусусий мактаби филиали очилади. Бу мактаб АҚШнинг Fitwel (соғлом биноларни сертификатлаш дастури) тизими томонидан аккредитациядан ўтган дунёдаги биринчи таълим муассасаси бўлади.
Фаҳид оролининг ўзи ҳам ушбу тизим томонидан максимал уч юлдузли рейтингни олди ва бу борада дунёда биринчи бўлди. Сертификатлашда жисмоний фаоллик, соғлом озиқ-овқат, руҳий саломатлик ва касалликларнинг олдини олиш каби мезонлар ҳисобга олинган.
“Одамлар бинога спорт зали ёки спа жойлаштиришни саломатлик деб ўйлайди. Ундай эмас. Саломатлик инсонлар ҳар куни тўғри ва соғлом қарорлар қабул қила олиши учун атроф-муҳитни лойиҳалаш демакдир”, дейди Эмма МакКри Брин.
