Тадқиқот: Европа Иттифоқи аҳолиси 2029 йилдан кейин қисқара бошлайди

Тадқиқот: Европа Иттифоқи аҳолиси 2029 йилдан кейин қисқара бошлайди

Олимлар прогнозига кўра, ЕИ аҳолиси 2029 йилда энг юқори кўрсаткичга етиб, кейинги ўн йилликларда изчил камаяди.

Европа комиссиясининг Бирлашган тадқиқотлар маркази (JRC) мутахассислари прогнозига кўра, Европа Иттифоқи аҳолиси яна бир неча йил ўсишда давом этади, аммо 2029 йилдан кейин бир неча ўн йил давомида қисқара бошлайди.

Тадқиқотга мувофиқ, ҳозирги кунда 450,6 миллион кишини ташкил этаётган ЕИ аҳолиси 2029 йилда 453,3 миллион нафарга етиб, энг юқори кўрсаткични қайд этади. Шундан сўнг аҳоли сони босқичма-босқич камайиб, 2100 йилга бориб 398,8 миллион нафарга тушиши кутилмоқда. Бу 1970-йиллардаги кўрсаткичларга яқинлашишини англатади.

Шу билан бирга, ўртача умр кўриш давомийлиги ошиб бориши прогноз қилинмоқда. Агар 2024 йилда бу кўрсаткич 81,5 йилни ташкил этган бўлса, 2100 йилга келиб аёллар учун 90 йил, эркаклар учун эса 86 йилга етиши кутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда Европа Иттифоқи аҳолисининг тахминан 20 фоизини 65 ёш ва ундан катта аҳоли ташкил этса, 2050 йилга бориб уларнинг улуши қарийб учдан бир қисмга етади.

Олимлар фикрича, демографик ўзгаришларнинг айрим оқибатларини иммиграция ҳисобига юмшатиш мумкин, бироқ бу қариб бораётган жамият муаммоларини тўлиқ ҳал қила олмайди.

Европа комиссиясининг демография масалалари бўйича комиссари Дубравка Шуйца Европа Иттифоқи олдида малакали кадрлар етишмаслиги, бюджетга ортиб бораётган юклама, шунингдек, ижтимоий парвариш ва таълим тизимларига босим каби жиддий чақириқлар турганини таъкидлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: