Исроил АҚШ самолётларининг жойлаштирилишини чеклади

Исроил АҚШ самолётларининг жойлаштирилишини чеклади

Вашингтон Эрон атрофидаги кескинлик кучайган бир пайтда АҚШнинг янги ҳаво ёқилғи қуйувчи самолётларининг Бен-Гурион аэропортига қўнишини тақиқлаш қарорига норозилик билдирди.

АҚШ ҳарбийлари Исроилнинг АҚШга тегишли қўшимча ҳаво ёқилғи қуйувчи самолётларини Бен-Гурион аэропортида қабул қилишни тўхтатиш ҳақидаги қарори юзасидан норозилик билдирди. Ynet нашри маълумотларига кўра, АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) вакиллари Исроил ҳарбийлари ҳамда Мудофаа вазирлигига ушбу қарор Вошингтоннинг Эрон билан уруш қайта бошланган бир пайтдаги тезкор эҳтиёжларига халақит бераётганини маълум қилган.

Вақтинчалик тақиқни Исроил транспорт вазири Мири Регев жорий қилган. Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу чора ёзги мавсум авжида фуқаролик аэропортига тушаётган юкламани камайтириш зарурати билан боғлиқ.

ОАВ маълумотларига кўра, бир кеча давомида Исроилга яна тўртта америкалик ҳаво ёқилғи қуйувчи самолёт келган ва натижада Бен-Гурион аэропортидаги бундай самолётлар сони 33 тага етган. Аввалроқ Исроил ва АҚШ бундай ҳарбий самолётлар сонини 20 та билан чеклашга келишган, қўшимча самолётларни эса ҳарбий аэродромларга йўналтириш режалаштирилган эди.

Июн ойининг охирида АҚШ давлат котиби Марко Рубио Форс кўрфази давлатлари бўйлаб сафари йўналишига Исроилни киритмаган эди. Таҳлилчилар бу ҳолатни Вашингтон ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётганининг яна бир белгиси сифатида баҳолаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: