Европа Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш бўйича янги коалиция тузмоқда

Европа Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш бўйича янги коалиция тузмоқда

Киев Франция қирувчилари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва қанотли ракеталарни ишлаб чиқариш лицензияларини олади.

Франция президенти Эмманюэль Макрон Украина 16 та Rafale қирувчиси, SAMP/T зенит-ракета мажмуаларининг янги батареялари ҳамда бир қатор қурол-яроғларни, жумладан, SCALP қанотли ракеталарини ишлаб чиқариш лицензияларига буюртма берганини маълум қилди.

Макроннинг сўзларига кўра, Париж илк бор Киевга Францияда ишлаб чиқарилган SCALP қанотли ракеталари, юқори аниқликдаги AASM авиация бомбалари, Aster ракета-тутқичлари ва радиолокация мажмуаларини ишлаб чиқариш лицензияларини беришга розилик билдирган. Бу борадаги «йўл харитаси» Украина президенти Владимир Зеленский билан келишилган.

Ишлаб чиқариш AASM юқори аниқликдаги авиабомбаларини, Aster ракета-тутқичларини ва SCALP қанотли ракеталарини қамраб олади. Макроннинг айтишича, 16 та Rafale қирувчиси 2028–2029 йиллардан бошлаб Украина ҳаво ҳудудида хизмат қила бошлайди.

Франция раҳбари, шунингдек, Украина иттифоқчилари ўт очиш тўхтатилганидан кейин жойлаштирилиши мумкин бўлган кўп миллатли кучларни тайёрлаш мақсадида Украина билан қўшни давлатларда ҳарбий машғулотларни бошлашга келишиб олганини билдирди.

Бундан ташқари, тўққизта Европа давлати ва Украина баллистик ракеталарга қарши мудофаа воситаларини ишлаб чиқиш бўйича коалиция тузилганини эълон қилди. Унга Дания, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Буюк Британия ва Украина қўшилди.

Коалиция иштирокчилари қўшма баёнотда Европа хавфсизлигини таъминлаш учун интеграциялашган ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш зарурлигини таъкидлади. Мамлакатлар ягона тизимни шакллантириш мақсадида мудофаа саноати, илмий ишланмалар ва ҳарбий тажрибани бирлаштириш ниятида.

Бу баёнотлар Парижда Украинага кўмак ва хавфсизлик масалаларига бағишланган «хоҳловчилар коалицияси» раҳбарлари учрашувидан кейин янгради.

Кремль ушбу бирлашмани «уруш тарафдорлари коалицияси» деб атаб, Россия унинг фаолиятини диққат билан кузатиб боришини маълум қилди.

Эмманюэль Макрон ва Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро янги коалиция тузилишини Украинага қарши ҳужумлар кучайгани билан изоҳлади. Россия томони эса фақат ҳарбий аҳамиятга эга объектларга зарба бераётганини ва фуқаролик нишонларига ҳужум қилмаётганини таъкидлаб келмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: