Bild: Германияда кузатув минорасидан қулаб тушган уч киши ҳалок бўлди
Қуйи Саксониянинг Альтенау шаҳри яқинидаги Гарц тоғларида жойлашган кузатув минорасидан йиқилиб тушиш оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг маълумотларига кўра, ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум. Воқеа жойида полиция, қутқарув хизматлари ва ўт ўчирувчилар ишламоқда; улар ҳудудни ўраб олиб, ҳимоя экранларини ўрнатишган.
Мақолада қайд этилишича, баландлиги 65 метр бўлган ушбу минора 2023 йилнинг ноябрида очилган эди. У Германиядаги ёғоч ва пўлат конструкциядан қурилган энг баланд кузатув минораси ҳисобланади. Минора иккита кузатув майдончаси, шунингдек, 45 метр баландликда шишали полдан иборат «сайр йўлакчаси» билан жиҳозланган, дейилади хабарда.
