Ироқ бош вазири илк расмий ташриф билан Эронга келди

Ироқ бош вазири илк расмий ташриф билан Эронга келди

Ироқ бош вазири Али аз-Зайдий пайшанба куни илк расмий ташриф билан Эронга етиб келди. У Теҳронда Эрон президенти Масъуд Пезешкиён томонидан кутиб олинди.

Ташриф Али аз-Зайдийнинг Вашингтонга амалга оширган сафари ва Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан ўтказган музокараларидан тўққиз кун ўтиб бўлиб ўтмоқда. Шу боис мазкур ташриф Бағдоднинг икки асосий ҳамкори — АҚШ ва Эрон билан муносабатларда мувозанатни сақлашга қаратилган муҳим дипломатик қадам сифатида баҳоланмоқда.

Музокаралар чоғида томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик, Яқин Шарқдаги вазият, шунингдек, энергетика, савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, умумий чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳам учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлади.

Эрон оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, ташриф дастури доирасида Ироқ бош вазирининг Эроннинг бошқа юқори мартабали расмийлари билан ҳам учрашувлари режалаштирилган. Музокаралар якунида қўшма баёнот қабул қилиниши ва ҳамкорликни кенгайтиришга оид янги келишувлар эълон қилиниши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: