Туркия: ёз мавсуми кузгача давом этадиган манзиллар
Бугунги кунда мослашувчанлик саёҳатни режалаштириш одатларига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Дунёнинг етакчи саёҳат платформаларидан бири Expedia Group маълумотларига кўра, саёҳатчиларда сафарларини аввалгига қараганда эркинроқ ва қисқа муддат ичида режалаштиришга мойиллик ортиб бормоқда. Об-ҳаво ўзгариши, глобал воқеалар ва кундалик ҳаётнинг тобора динамик тус олиши жўнаш санасига яқин вақтда банд қилиш тенденциясини кучайтирмоқда.
Бу ўзгариш статистикада ҳам акс этган: жорий йилнинг биринчи чорагида жўнашдан атиги 7–13 кун аввал амалга оширилган қидирувлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошган. Сафарни қисқа фурсатда режалаштирадиган, сўнгги дақиқадаги таклифлар, акциялар ва об-ҳаво шароитларини кузатиб борадиган сайёҳлар орасида Ўрта ер денгизи йўналишларига қизиқиш сақланиб қолмоқда.
Туркияда Эгей соҳилларидан Турк Ривиерасигача давом этадиган узоқ ёз мавсуми, турли тоифадаги турар жойлар ва жозибали мавсумий таклифлар сўнгги дақиқалардаги саёҳат учун қулай шароит яратади. Феруза ранг денгиз, қумли соҳиллар ва сокин кўрфазлар билан бир қаторда, мамлакатнинг меҳмондўстлик анъаналари, турк ошхонаси, Тунги музейлар тажрибаси ҳамда дайвингдан параплангача бўлган фаол дам олиш турлари сафарни янада мазмунли ва эсда қоларли қилади.
Анталия: Мовий байроқли соҳиллар етакчиси
Йилига 300 кундан ортиқ қуёшли об-ҳаво кузатиладиган Турк Ривиераси қисқа фурсатда режалаштириладиган денгиз бўйи таътили учун кенг танловга эга. Унинг марказида жойлашган Анталия Туркиянинг йирик курорт ҳудудларидан бири ҳисобланади. Белек, Кемер ва Сидедаги дам олиш масканлари мусаффо соҳиллари, замонавий соғломлаштириш марказлари, маҳаллий ва халқаро гастрономия ҳамда ривожланган спорт инфратузилмаси билан сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Анталия қирғоқлари, айниқса, Мовий байроқли пляжлари билан эътиборга сазовор. Ҳудудда 232 та шундай пляж мавжуд. Белек, Гундоғду ва Кадрие пляжлари халқаро туризм компанияси ТUI (Тouristik Union International) томонидан тузилган дунёнинг энг гўзал пляжлари рейтингига киритилган, Туркия эса кучли ўнталикдан тўртта ўрин эгаллаган. Белек соҳиллари, Капуташнинг феруза ранг сувлари, каретта-каретталар тухум қўядиган Патара пляжи ҳамда Кекованинг сув остида қолган қадимий харобалари ҳудуднинг табиий ва тарихий қиёфасини намоён этади.
Эгей юрагига саёҳат
Туркиянинг ғарбий соҳиллари денгиз бўйидаги шаҳарчалар, тарихий қишлоқлар, қадимий шаҳарлар ва замонавий курортларни бир ҳудудда бирлаштиради. Бутик меҳмонхоналар, ҳашаматли дам олиш масканлари ҳамда зайтун мойи, мавсумий кўкатлар, янги денгиз маҳсулотлари асосида шаклланган бой гастрономик анъаналар Эгейга ўзига хос руҳ бағишлайди. Бу ерда табиат, тарих ва гастрономия бир-бирини тўлдиради.
Кристофер Ноланнинг “Одиссея” фильми Гомернинг машҳур эпосини яна катта экранга олиб чиқаётган бир пайтда, Шимолий Эгей ушбу афсонавий олам билан боғлиқ манзараларни яқиндан кўриш имконини беради. Қадимий Троя шаҳри жойлашган Чанаккаледа афсона, археология ва денгиз манзаралари бир нуқтада туташади. Ассоснинг тарихий соҳиллари ва сокин Бозжаада, ундан жанубда эса Айвалик ва Жунданинг кўҳна кўчалари, денгизбўйи муҳити ва секин яшаш фалсафаси Эгейга хос турмуш тарзини акс эттиради.
Чешме, Алачати ва Урланинг денгиз бўйи муҳити, маҳаллий ошхонаси ҳамда Мичелин эътирофига сазовор ресторанлари ҳудудга ўзига хос замонавий тус беради. Жануб томонда эса Бодрум, Датча, Мармарис ва Фетҳие жойлашган бўлиб, бу масканлар тиниқ сувлари, Мовий саёҳат йўналишлари, курорт инфратузилмаси ва гастрономик анъаналари билан ажралиб туради.
Туркиянинг Эгей ва Ўрта ер денгизи соҳилларида ёз мавсуми куз ойларигача давом этади. Шу сабабли ёзги таътилини кечроқ режалаштираётган ёки қисқа муддат ичида сафарга чиқишни кўзлаётганлар учун ҳам бу ҳудудларда турли саёҳат имкониятлари мавжуд. Шунингдек, соҳил бўйи шаҳарлари, тарихий масканлар, табиий манзаралар ва ривожланган туризм инфратузилмаси ҳудудни янада жозибали қилади.
