Чад Халқаро жиноят судидан чиқишини эълон қилди
Чад ҳукумати Халқаро жиноят суди (ХЖС) юрисдикциясидан чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик баёнотида айтилишича, қарор ХЖСнинг 2002 йилдан буёнги фаолияти ва унинг самарадорлиги юзасидан ўтказилган таҳлиллар натижасида қабул қилинган. Чад расмийлари судни Африка давлатларига нисбатан бир томонлама ёндашувда айблаб, очиқ терговларнинг аксарияти айнан қитъа мамлакатларига нисбатан олиб борилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, вазирлик Африка минтақаси «Халқаро жиноят судининг сиёсий инструментализацияси қурбонига айлангани»ни билдирди.
Июль ойи ўрталарида АҚШ Давлат департаменти ҳам Халқаро жиноят суди ходимларига қарши санкциялар ва виза чекловлари қўллаш билан таҳдид қилган эди. Вашингтон бу қарорни суднинг америкалик ҳарбийлар бўйича терговлари билан изоҳлаган.
Аввалроқ Венесуэла ҳам Халқаро жиноят суди юрисдикциясидан чиқишини эълон қилган эди. Бу қарор мамлакат раҳбариятига нисбатан 2017 йилги воқеалар бўйича олиб борилаётган терговлар ортидан қабул қилинган.
