Оилали эркаклар кўпроқ пул топади
Статистика маълумотларига кўра 40–50 ёшга бориб оилали эркаклар йилига $85 000 гача пул ишлайди, бу бўйдоқлар ва аёллар топадиган пулдан 70–80%га кўп.
Психологлар буни хотиннинг баракаси дейди, аммо фанда бошқачароқ изоҳлар мавжуд.
Бойлар кўпроқ уйланади. Яъни, никоҳ эркакни бойроқ қилмайди. Балки, ўз олдига мақсад қўйиб унга эришадиган, келажаги бор эркаклар билан аёллар узоқ ўйламасдан оила қуришади ҳамда камдан-кам ажрашишади.
Фокуснинг ишга қаратилиши. Уй ишлари ва бола-чақага қараш хотин зиммасида бўлгач, уйидан кўнгли хотиржам эркаклар ишда кечгача қолиб ишлаши, мураккаб лойиҳаларни олиши ва умуман руҳий чарчоққа учрамаслиги мумкин.
Иш берувчилар ишончи. Оилали эркаклар нисбатан ишончлироқ ва масъулиятлироқ деб қаралади, шу боис уларни лавозими тез-тез оширилиб, яхши маош тайинланади.
«Боқувчи» мотивацияси. Зиммасида оила масъулияти бўлган эркаклар ойлигини кўпайтириш, лавозимини оширишни талаб қилиб, раҳбар олдига киришга ўзида кўпроқ журъат топади ва кам ойликли жойлардан ҳеч иккиланмай бўшаб кета олади.
Айтиш керакки, аёлларнинг оилавий ҳолати уларнинг даромадига деярли таъсир кўрсатмаган.
