Тимур Кападзе: «Ҳар бир авлоднинг энг яхшилари бўлган»
Эртага Ўзбекистон U-23 терма жамоамиз Қатар майдонларида ўтаётган қитъа мусобақасининг ярим финалида Индонезия термасига қарши майдонга тушади. Бўлажак муҳим учрашув олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда терма жамоамиз бош мураббийи Тимур Кападзе қуйилагиларни айтди:
«Ассалому алайкум, ҳаммага. Бу ерга етиб келганимиздан хурсандмиз. Худога шукр, барчамиз соғ-омонмиз. Энг муҳими, биз эртанги баҳсга тайёрмиз.
Албатта, бу турнирда ҳар бир учрашув қийин ва мураккаб бўлди. Шунга қарамай, биз керакли натижани қўлга киритдик, Худога шукр. Эртанги баҳс ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Аммо биз беллашувга тайёрмиз ва умид қиламанки, ижобий натижани қўлга кирита оламиз.
Жанубий Корея бош мураббийларини ҳам, терма жамоаларини ҳам яхши биламан. У ерда ўзим тўп тепганман ва ўйин услуби, менталитети ҳақида озми-кўпми маълумотга эгаман.
Биз олдинги учрашувларда Индонезия мухлисларининг кўп бўлишига гувоҳ бўлдик. Аммо бундан қўрқмаяпмиз, бизнинг ҳам мухлислар шу ерда. Қолаверса, экран қаршисида ҳам халқимиз дуо қилиб туришибди. Бизда рақиб мухлисларининг кўплигига қарши яхши тажриба мавжуд. Осиё ўйинларида ҳам кўплаб индонезиялик томошабинлар босимига муносиб жавоб бера олганмиз.
Ҳаммамизга омад ёр бўлсин, деб қоламан. Ҳар бир авлоднинг энг яхшилари бўлган. Муҳим паллада бизнинг авлодга нимадир етишмаган бўлиши мумкин. Бироқ ёшларда ўз камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Бу босқичга бугун келиб қолмадик, йиллар давомида тайёргарлик кўрдик. Тизим йўлида, Ватанимиз учун ҳар нарсага тайёрмиз!», – деди мутахассис.