ЕИ Украинага Россия активларидан олинган 1,4 млрд евро ажратади

ЕИ Украинага Россия активларидан олинган 1,4 млрд евро ажратади

Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан олинган даромадлар Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш учун йўналтирилади.

Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан олинган даромадлар ҳисобидан Украинага қўшимча 1,4 миллиард евро ажратади. Бу ҳақда Европа комиссияси маълум қилди.

Еврокомиссиянинг билдиришича, мазкур маблағлар аллақачон Европа Иттифоқи бюджетига ўтказилган. Гап 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида санкциялар доирасида музлатилган Россия активларидан олинган фоизли даромадлар ҳақида кетмоқда.

Бу Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағларни Украина эҳтиёжлари учун йўналтириш бўйича бешинчи тўлов ҳисобланади. Европа комиссияси маълумотига кўра, санкциялар жорий этилганидан буён бундай даромадларнинг умумий ҳажми 8 миллиард еврога етган.

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен музлатилган Россия активларидан тушган даромадлар Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатилаётганини таъкидлади.

«Россия етказган вайронагарчилик учун жавоб бериши керак», — деди Еврокомиссия раҳбари. Унинг сўзларига кўра, ажратилган маблағлар Украинага Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига қарши туришда ёрдам беради.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: