Инфантинонинг тўртинчи муддатга сайланиш режаси FIFA низомига зид деб топилмоқда
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи FairSquare нотижорат ташкилоти Жанни Инфантинони FIFA президенти сайловида иштирок этишига йўл қўймасликни талаб қилмоқда. Ташкилот бунга президентлик муддатлари бўйича белгиланган чеклов бузилаётганини сабаб қилиб кўрсатган. Бу ҳақда The Athletic хабар берди.
FairSquare FIFAнинг бошқарув, аудит ва қоидаларга риоя қилиш қўмитасига йўллаган мактубида Инфантинонинг тўртинчи муддатга сайланиш имконияти ташкилот низомига зид эканини таъкидлаган. FIFA қоидаларига кўра, президент лавозимини уч муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмас.
Бироқ 2022 йилда тегишли қўмита Инфантинонинг 2016–2019 йиллардаги биринчи президентлик муддатини ҳисобга олмаслик ҳақида қарор чиқарган. Бунга у Йозеф Блаттернинг муддатидан олдин тугаган президентлик даврини якунлагани асос қилиб кўрсатилган.
FairSquare эса бу қарорни қонуний деб ҳисобламайди. Ташкилот фикрича, FIFA низомида бундай истиснолар мавжуд эмас — президентлик муддати қанча давом этгани ёки раҳбар қайси конгрессда сайланганининг аҳамияти йўқ.
Масалага Норвегия футбол федерацияси ҳам қўшилиб, FairSquare шикоятини қўллаб-қувватлади.
FIFA раҳбарияти атрофидаги баҳслар, жумладан, турнирлардаги улушларни сотиш режалари фонида Инфантинонинг яна бир бор сайланиш истиқболи мураккаблашиши мумкин. Манбага кўра, унинг сиёсатига UEFA, CONCACAF ва Осиё футбол конфедерацияси вакиллари ҳам қаршилик билдирмоқда.
