Сирикдаги тўй маросимига ҳужумда қўлланган бомба АҚШда ишлаб чиқарилган

Сирикдаги тўй маросимига ҳужумда қўлланган бомба АҚШда ишлаб чиқарилган

The New York Times газетаси Эрон жанубидаги Сирик туманида тўй маросимига берилган зарбада қўлланган бомбалар АҚШда ишлаб чиқарилганини маълум қилди.

Газета хабар беришича, у Сирик туманидаги Куҳестак шаҳарчасининг аҳоли яшаш ҳудудига қилинган ҳужум тасвирларини таҳлил қилган. Қурол-яроғ бўйича мутахассиснинг хулосасига кўра, ҳодиса жойидан топилган ўқ-дори қолдиқлари АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлланадиган бошқариладиган бомбаларга тегишли.

The New York Times ҳужум оқибатида қолган ўқ-дори парчалари акс этган видеоларни АҚШ армиясида собиқ портловчи қурилмаларни зарарсизлантириш бўйича мутахассис ва қурол-яроғ таҳлилчиси Тревор Боллга тақдим этган.

Болл аниқланган парчалар АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) томонидан ишлатиладиган бошқариладиган бомба қисмларига мос келишини айтган. Унинг таъкидлашича, мазкур қисмлар Эрон қуролли кучлари томонидан қўлланадиган ўқ-дориларга хос эмас.

Шу билан бирга, CENTCOM вакили Тим Ҳокинс аввалроқ АҚШ ҳарбийлари тинч аҳолига ҳеч қачон атайлаб ҳужум қилмаслигини билдирган эди.

Газета, шунингдек, CENTCOM томонидан сешанба куни тарқатилган видеода АҚШ қирувчи самолёти қаноти остига ўрнатилган JSOW туридаги бомба тасвирланганини қайд этди. Видео Эрондаги нишонларга берилган зарбалар ҳақидаги баёнот билан бир вақтда эълон қилинган.

Маълумотларга кўра, Сирик туманидаги Куҳестак шаҳрида аҳоли яшайдиган ҳудуд ва тўй маросими ўтказилаётган жойга берилган зарба оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бор.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: