БМТ: Глобал ҳарорат яқин йилларда 1,5°C хавфсиз чегарадан ошиб кетади
БМТнинг янги ҳисоботига кўра, иқлим ўзгаришига қарши кўрилаётган чоралар етарли эмас ва Ер юзидаги ўртача ҳарорат яқин бир неча йил ичида Париж келишувида белгиланган 1,5°Cлик чегарадан ошиб кетиши мумкин.
БМТ Атроф-муҳит дастури томонидан эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, кўмир, нефть ва газ ёқилиши натижасида юзага келаётган исиш сабабли глобал ҳарорат саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан 1,5°Cдан юқори кўтарилиши кутилмоқда.
Олимлар ҳозирги глобал ҳарорат саноатлашувдан олдинги даражадан тахминан 1,4°C юқори эканини қайд этмоқда. БМТ энди 1,5°C чегарасидан ошиб кетишнинг олдини олишдан кўра, исишнинг энг юқори нуқтасини имкон қадар чеклаш ва кейинчалик ҳароратни яна ушбу даражадан пастга тушириш стратегиясига тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидламоқда.
Энг оптимистик сценарийга кўра, давлатлар иқлим бўйича амбицияли мақсадларни амалга оширса, глобал исиш аср ўрталарида 1,8°C атрофида чўққига чиқиши мумкин. Бироқ ҳозирги сиёсат сақланиб қолса, 2100 йилга келиб ҳарорат саноатлашувдан олдинги даражага нисбатан 2,6°Cга ошиши эҳтимоли бор.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 1,5°C чегарасидан ошиб кетиш сайёра учун «ҳамма нарса тугайдиган нуқта» эмас. Ҳароратнинг ҳар бир ўндан бир даражага камроқ кўтарилиши ҳам зарарни камайтиришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, исишнинг юқори даражада узоқ вақт сақланиши табиий офатлар, денгиз сатҳининг кўтарилиши, музликларнинг эриши, озиқ-овқат ва сув танқислиги, иқтисодий зарарлар ҳамда айрим ўсимлик ва ҳайвон турларининг йўқолиши каби оқибатларни кучайтириши мумкин.
Ҳисоботда иқлим тизимидаги «бурилиш нуқталари»дан ҳам огоҳлантирилган. Улар қаторига Ғарбий Антарктида ва Гренландия музликларининг йўқолиши, Амазонка тропик ўрмонларининг таназзули ҳамда Атлантика океанидаги айланиш тизимининг издан чиқиши каби хавфлар киритилган.
Олимлар биринчи навбатда ҳароратнинг келгуси энг юқори нуқтасини чеклаш ва 1,5°Cдан юқори исиш даврини имкон қадар қисқартириш зарурлигини таъкидламоқда. Ҳозир чора кўриш орқали глобал ҳароратнинг ушбу чегарадан юқори кўтарилишини чеклаш мумкин, аммо бу дунё мутлақо хавфсиз бўлади дегани эмас.
