Энди АҚШда Канада алкоголлари бўлмайди

Энди АҚШда Канада алкоголлари бўлмайди

Трамп Канададан ароқ, пиво ва мотоцикл импорт қилишни тақиқлади.

АҚШ ва Канада ўртасидаги божхона можароси давом этмоқда. Вашингтон Оттавани ён беришга мажбурлаш учун босимни кучайтирмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз фармони билан 29 сентябрдан Канададан айрим товарларни импорт қилишни тақиқлади. Оқ уй ҳужжатларига кўра, АҚШ Канададан мотоцикл ва мопедлар, айрим турдаги вино ва пиво, ароқ ва бошқа кучли алкоголли ичимликлар, шунингдек, зардоб протеинини импорт қилмайди.

Бундан бир неча соат олдин Трамп АҚШ давлат идораларининг харид хизматларига ҳам Канада товарларини сотиб олишни тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.

Канада савдо вазири Доминик Леблан X ижтимоий тармоғида ҳукумати «АҚШнинг сўнгги божхона чораларини» ўрганаётганини ва АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир билан алоқада эканини маълум қилди.

«Агар АҚШ музокараларни бошлашга тайёр бўлса, ҳукуматимиз Канада суверенитетини тўлиқ ҳурмат қиладиган, хавфсизроқ ва ўзаро манфаатли савдо муносабатларини йўлга қўйиш учун виждонан ва конструктив тарзда ишлайди», — деди Леблан.

Аввалги АҚШ–Канада савдо музокаралари натижа бермаган. Шундан сўнг август ойида АҚШ Канада товарларига 50 фоизгача бож жорий қилди. Ушбу чоралар хоккей таёқчалари, мебель, асал ва вино каби маҳсулотларга ҳам таъсир қилди.

9 сентябрга ўтар кечаси Канада ҳам АҚШдан импорт қилинадиган айрим товарларга жавоб тариқасида божлар жорий қилди. Улар пўлат ва алюминий маҳсулотлари, маиший техника, қишлоқ хўжалиги ускуналари, целлюлоза ва қоғоз, шунингдек, электроника маҳсулотларини қамраб олган. Айрим бож ставкалари 50 фоизга етади.

Трамп, шунингдек, агар икки давлат келишувга эриша олмаса, 2027 йил 1 январдан автомобиллар, катта ва кичик юк машиналари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ҳамда пўлат маҳсулотларига 50 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилди.

Бу икки давлат ўртасидаги автомобиль савдосига жиддий зарба бериши мумкин. 2024 йилда Канададан экспорт қилинган барча автомобилларнинг 85 фоизи АҚШга етказиб берилган.

Трамп ўзининг божхона сиёсатига изоҳ берар экан, Канада кўп йиллар давомида АҚШни «эксплуатация қилиб келгани»ни таъкидламоқда. Унинг айтишича, АҚШ қўшниси билан савдога боғлиқ эмас.

Шу билан бирга, АҚШ маълумотларига кўра, Канада мамлакатнинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: