Сеутада мигрантлар оқимидан сўнг жинсий зўравонлик билан боғлиқ 23 та ҳолат қайд этилди. Жабрланганлар орасида вояга етмаганлар ҳам бор
Ушбу ҳолатлардан бири бир неча кун олдин содир бўлган. Айблов томонининг маълум қилишича, марокашлик мигрант Испаниянинг Сеута эксклавида кўчада 16 ёшли қизга нисбатан жинсий тажовуз қилган. Гумонланувчи Марокаш чегараси яқинида қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, у ўз ватанига қайтиб кетмоқчи бўлган.
7 сентябрь куни суд мигрантни тергов даврида қамоқда сақлаш ҳақида қарор чиқарди. Эркак ўзига қўйилаётган айбловларни рад этмоқда.
16 ёшли қиз билан боғлиқ ҳолат ягона эмас. Испания прокуратураси маълумотларига кўра, июль ойи охирида мигрантлар оқими бошланганидан буён жинсий характердаги жиноятлар бўйича жами 23 та ариза қайд этилган. Хабарларга кўра, жабрланганларнинг тўққиз нафари вояга етмаганлар. Аниқланган гумонланувчилар орасида турли мамлакатлар фуқаролари, жумладан, уч нафар испаниялик ҳам бор. Тергов ишлари давом этмоқда. Барча айбланувчилар айби судда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Маълум бўлган ҳолатлар орасида 17 ёшли марокашлик ўсмирга оид иш ҳам бор. У 10 ва 11 ёшли уч нафар қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда айбланмоқда. ОАВ хабарларига кўра, қизлар ҳам, гумонланувчи ҳам июль ойи охирида мигрантлар оқими вақтида Шимолий Африкадан Сеутага келган ва ҳамроҳсиз вояга етмаганлар учун мўлжалланган «Пиниерс» қабул марказига жойлаштирилган.
ABC газетаси маълумотига кўра, тахмин қилинган тажовузлар айнан шу марказда содир бўлган. Шундан сўнг, Испания ОАВлари хабар беришича, гумонланувчи марказнинг бошқа яшовчилари томонидан калтакланган.
Ҳозирда ишни Испания полицияси тергов қилмоқда. Жабрланганлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Шу сабабли марказдаги бошқа вояга етмаганлар ҳам сўроқ қилинмоқда.
Испанияликлар ҳукуматнинг миграция сиёсатига қарши намойиш ўтказмоқда
Бундай ҳодисалар Сеутадаги аллақачон таранг бўлган вазиятни янада кескинлаштирмоқда.
2 сентябрь куни Испаниянинг кўплаб шаҳарларида ўн минглаб одамлар ҳукуматнинг миграция инқирозига нисбатан сиёсатига қарши намойиш ўтказди. Намойишчилар мигрантларни қайтариш ва чегара муҳофазасини кучайтиришни талаб қилди.
Шунингдек, улар бош вазир Педро Санчесни танқид қилди, айрим намойишчилар эса уни истеъфога чиқишга чақирди.
