Хитой ва Эрон АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш схемасини ишга туширди
Хитой ва Эрон АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш имконини берувчи яширин бартер тизимини яратган. Reuters манбаларига кўра, Теҳрон нефтини Хитой товарларига, жумладан алоқа воситалари, автомобиллар, дори-дармонлар ва ҳатто ҳаво мудофааси тизимларига алмаштирмоқда.
Маълумотларга кўра, сўнгги бир йилда ушбу механизм орқали 2–2,5 миллиард доллар миқдорида маблағ айланган.
Санкциялар ва молиявий чекловлар туфайли оддий банк ўтказмаларидан фойдаланиш қийинлашган. Шу сабабли томонлар бир нечта воситачи компаниялар ва махсус молиявий тузилмалар орқали ҳисоб-китобларни амалга оширмоқда.
Схема доирасида Эрон нефтини сотишдан тушган маблағлар махсус компаниялар ҳисобларига ўтказилади. Кейин маблағларнинг бир қисми Эрондаги инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилади, қолган қисми эса Хитой экспортчиларига товарлар учун тўлов қилишга сарфланади.
Reuters маълумотларига кўра, схема камида 2021 йилдан бери ишлаб келмоқда. Дастлаб у COVID-19 вакциналарини харид қилиш учун яратилган, кейинчалик эса Эрон учун муҳим молиявий механизмга айланган.
Хитой учун бу тизим арзон нефть билан таъминланиш ва АҚШнинг иккиламчи санкцияларидан ҳимояланиш имконини беради. Эрон эса ўз навбатида нефть экспортини давом эттириб, зарур товарларни олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Шу билан бирга, воситачи компаниялар ва яширин молиявий тузилмалардан фойдаланиш йирик Хитой банклари ва компанияларини АҚШ санкцияларига дуч келиш хавфидан ҳимоя қилишга хизмат қилиши мумкин.
