Хави Мессининг «Барселона»га қайтмагани сабабини айтди
«Барселона»нинг собиқ бош мураббийи Хави Эрнандес Лионель Мессининг 2023 йилда клубга қайтиши нега амалга ошмаганини маълум қилди.
Хавининг айтишича, Месси «ПСЖ»дан кетганидан сўнг «Барселона»га қайтишга тайёр бўлган ва томонлар бу масалани бир неча ой муҳокама қилган.
«У «Барселона»га қайтишни хоҳларди. Мен унинг клубдаги сўнгги рақсини ташкил қила оламиз, деб ўйлагандим», — деди Хави.
Бироқ унинг сўзларига кўра, клуб президенти Жоан Лапорта Мессини қайтаришни истамаслигини билдирган. Хави бу хабарни футболчига етказиш унга оғир бўлганини айтди.
Месси 2021 йилда «Барселона»ни тарк этиб, «ПСЖ»га ўтган. 2023 йилда эса «Интер Майами» билан шартнома имзолаган.
