Маст ҳолда давлат ижрочиларига қаршилик кўрсатган фуқаро 3,1 ойга қамалди

Маст ҳолда давлат ижрочиларига қаршилик кўрсатган фуқаро 3,1 ойга қамалди

Қарздорнинг судда айтган жаҳлини боса олмаслик ва қилмишидан пушаймонлик, кечирим сўраш уни на қамалишдан, на қарздорликдан озод қилмади.

Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочилари суд ва бошқа орган қарорларини ижро этиш орқали фуқаролар ёки жамият манфаатини ҳимоя қилади. Ана шу жараёнда айрим фуқаролар ўз мажбуриятини бажариш ўрнига, давлат хизматчиларига кўл кўтариш орқали масалани ўз фойдасига ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас, давлат хизматчисининг қонуний ҳаракатига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Жорий йилнинг 30 январь куни Мажбурий ижро бюроси Касби туман бўлими ходимлари Ж.Маматқулов, И.Жовлиев ва Ф.Йўлдашевлар томонидан ижро ҳужжатига асосан фуқаро Д.Полвоновнинг 41 млн. 660 минг солиқ, давлат божи ва маъмурий жарималарини ундириш юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Ижро ҳаракатлари давомида фуқарога қарздорликни тўлаши лозимлиги, акс ҳолда, қарздорлик эвазига мулки хатланиши тушунтирилганда, Д.Полвонов спиртли ичимлик ичган ҳолатда, ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, уларга фаол қаршилик кўрсатиб, қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, хонадонида бўлган хўжалик пичоғини олиб чиқиб, уларни ўлдириш билан таҳдид қилиб, давлат ижрочиларига енгил тан жароҳати етказган.

Шунингдек, ходимлар уни тинчлантирмоқчи бўлганда, давлат ижрочисига тегишли «Матиз» русумли автотранспорт воситасини дастлаб пичоқ билан, пичоқ сингач, темир болта билан барча ойналарини синдириб, кузов деталь қисмларини уриб, жиддий шикаст етказиб, хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.

Муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан айбланган Д.Полвонов бу сафар ушбу кодекснинг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан айбдор деб топилди, унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Давлат ижрочилари қишнинг изғирин совуғида ўз хизмат вазифасини бажариш учун уйма-уй юрган бир пайтда, қарздоринг охирини ўйламай қилган бу хатоси бугун уни оиласидан узоқда бўлишига, яқинларининг яхши ва оғир кунларида ёнида бўлолмаслигига сабаб бўлмоқда. Ва шуни айтиш керакки, қарздор судда айтган жаҳлини боса олмаслик ва қилмишидан пушаймонлик, кечирим сўраш уни на қамалишдан, на қарздорликдан озод қилмайди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: