Бибисора Ассаубаеванинг онаси Шахмат олимпиадасида қайси жамоаларга мухлислик қилаётганини айтди
Самарқандда ўтаётган Жаҳон шахмат олимпиадасида қозоғистонлик шахматчи Бибисора Ассаубаеванинг онаси Лиана Танжарикова қайси жамоаларни қўллаб-қувватлаётганини маълум қилди.
У аёллар ўртасида Қозоғистон, эркаклар баҳсида эса Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қилаётганини айтди.
«Аёллар жамоаларидан, албатта, Қозоғистонга мухлислик қиламан. Қизларимиз Бибисора билан биргаликда бу меҳмондўст заминда олтин медални қўлга киритиш учун бор кучини ишга солиши керак. Эркаклар орасида эса Ўзбекистонга мухлислик қиляпман. Йигитлар жуда ёш, улкан мақсадларга эга ва ниҳоятда истеъдодли. Айниқса, Жавоҳир Синдоровга чин дилдан мухлислик қиляпман», — деб ёзди Танжарикова ижтимоий тармоқда.
Унинг таъкидлашича, ўзи Қозоғистон жанубида туғилиб, ўзбек маҳалласида катта бўлган. Шу сабабли у мазкур мусобақани рақобат эмас, балки икки қардош халқнинг байрами сифатида қабул қилмоқда.
Маълумот учун, Қозоғистон аёллар терма жамоаси олимпиада бошидан буён Иордания, Колумбия, Греция, Испания ва Озарбайжон каби жамоаларни мағлуб этиб, кетма-кет 6 та ғалабани қайд этган. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси эса 6-турдан сўнг 12 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
