Покистонлик ҳарбий учувчи Хитой кемасида коинотга учган биринчи покистонлик бўлди

Покистонлик ҳарбий учувчи Хитой кемасида коинотга учган биринчи покистонлик бўлди

Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолёти учувчиси Муҳаммад Зишан Али Хитойнинг Shenzhou-24 космик кемасида коинотга йўл олди. Кема Хитойнинг шимоли-ғарбида жойлашган Цзюцюань космодромидан учирилиб, белгиланган орбитага муваффақиятли чиқди.
Шу тариқа, Али Ер орбитасига чиққан биринчи Покистон фуқароси, шунингдек, Хитойнинг орбитал космик станциясига ташриф буюрадиган биринчи хорижлик астронавт бўлди.

Парвозга тайёргарлик доирасида Али Пекинда етти ой давомида махсус машғулотлардан ўтди. Ушбу даврда хитой тилини жадал ўрганди, жумладан, қўшиқлар ва шеърлар орқали тил кўникмаларини оширди.

Парвоз олдидан астронавт ўз зиммасида Покистон номи ва 250 миллион ватандошининг умидларини олиб кетаётганини таъкидлади.

БМТнинг Космик фазо масалалари бўйича бошқармаси директори Арти Холла-Майни мазкур миссияни муҳим воқеа деб баҳолаб, у бошқа ривожланаётган мамлакатларни ҳам илҳомлантиришини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрь ойида Намира Салим Virgin Galactic компаниясининг космик кемасида тижорий суборбитал парвозни амалга ошириб, коинотга чиққан биринчи покистонлик аёл бўлган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: