Канадалик ёзувчи сунъий интеллектдан фойдаланганликда айбланди

Канадалик ёзувчи сунъий интеллектдан фойдаланганликда айбланди

 

Асли Гаитидан бўлган канадалик ёзувчи Телисон Орелиэн ўзининг илк романи сунъий интеллект ёрдамида ёзилганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Гап ёзувчининг август ойида нашр этилган «C’était ça ou mourir» («Ё шу, ёки ўлим») романи ҳақида кетмоқда.

X ижтимоий тармоғидаги Balance ton Claude номли аккаунт китобдан олинган парчаларни сунъий интеллект ёзган матнларни аниқловчи Pangram дастури орқали текширган. Текширув натижасида роман деярли тўлиқ сунъий интеллект томонидан ёзилгани ҳақида даъво қилинган.

38 ёшли Орелиэн бу айбловларни рад этди. Унинг асарини нашр этган Grasset нашриёти ҳам ёзувчини ҳимоя қилиб, бундай даъволарни муаллифга нисбатан «қаттиқ ҳақорат» деб атади. Айбловларни илгари сурган аккаунт эгаси эса ҳозирча аниқланмаган.

Pangram хизмати сунъий интеллект ёрдамида яратилган матнларни 99,7 фоиз аниқликда аниқлашини билдирган. Бироқ мутахассислар бундай дастурлар хато натижалар бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Мазкур можаро роман нуфузли Гонкурлар мукофотига номзод сифатида кўрсатилгани ва бир нечта бошқа адабий мукофотларни қўлга киритгани билан янада долзарб тус олди.

Орелиэн ва унинг муҳаррири асар муаллифнинг ўзи томонидан ёзилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрламоқда. Ёзувчининг таъкидлашича, романнинг илк қораламаси 2019 йилда, матн яратувчи сунъий интеллект дастурлари оммалашишидан анча олдин ёзилган.

Романда Гаитидан Лотин Америкаси ва АҚШ орқали Канадага қочиб ўтган ўқитувчининг ҳаёти ҳикоя қилинади. Асарни 20 тилга таржима қилиш режалаштирилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: