Қозоғистонга алоқадорлиги тахмин қилинаётган хакерлар Тожикистон миллий хавфсизлигига оид 2000 дан ортиқ ҳужжатни ўғирлади
Бу ҳақда Сингапурнинг киберхавфсизлик бўйича CloudSEK компаниясига таяниб, Reuters хабар бермоқда.
Мутахассислар хакерлар хатолик туфайли ўз серверларидан бирини интернетда очиқ қолдирганидан сўнг, киберҳужум изларини аниқлашди. Тадқиқотчилар ундаги материалларни ўрганиб чиқиб, киберҳужумлар жараёнини тиклашга муваффақ бўлишди. Маълум бўлишича, хакерлар Hermes — мустақил равишда ҳаракатларни режалаштириш, керакли дастурларни ишга тушириш, маълумотларни тўплаш ва ҳисоботлар тузишга қодир бўлган автоном сунъий интеллект (СИ) агентларини яратиш платформасидан фойдаланишган.
CloudSEK маълумотларига кўра, киберҳужумлар учун Ҳермес дан фойдаланиш тахминан 2026 йил август ойининг ўрталарида бошланган. Бир неча ҳафтадан сўнг хакерлар Тожикистоннинг давлат электрон ҳужжатлар айланиш тизимига бузиб киришган. СИ-агенти ҳужжатларни юклаб олиш, уларни тизимлаштириш ва кичик қисмларга ажратиш учун махсус дастур яратган, бу эса ўғирланган маълумотларни узатишни осонлаштирган. Натижада жиноятчилар 2000 дан ортиқ, жумладан, мудофаа ва миллий хавфсизлик масалаларига оид ҳужжатларни қўлга киритишган.
Текширув давомида, шунингдек, Тожикистон Темир йўллари компютер инфратузилмасига ва Ўзбекистон Ўрмон хўжалигида қўлланиладиган Smart Forestry рақамли платформасига кириб бориш излари ҳам аниқланган. Бундан ташқари, серверда Туркманистон давлат ташкилотларига қарши фишинг ҳужумлари уюштириш учун тайёрланган материаллар топилган. Аммо мутахассислар бу ҳужумлар муваффақиятли амалга оширилганини тасдиқловчи далилларни келтиришмаган.
Мутахассислар мазкур ҳужумлар аввалроқ постсовет давлатлари идораларига қарши кибержосуслик амалиётларида кўзга ташланган Silent Lynx гуруҳига алоқадор деб ҳисоблашмоқда. Гуруҳнинг Қозоғистонга алоқадорлиги ҳақидаги тахминлар билвосита белгиларга асосланган: хакерлар рус тилидан фойдаланган, уларнинг фаоллик даври Қозоғистондаги иш соатларига тўғри келган, шунингдек, серверга уланишда ушбу мамлакат интернет тармоғидан ҳам фойдаланилган. Бироқ тадқиқотчилар бу гуруҳга айнан ким раҳбарлик қилишини аниқлай олишмаган ва ҳужумларга Қозоғистон давлат тузилмаларининг алоқадорлиги ҳақида далил келтирмаган.
