Электр узоқ вақт ўчирилса, истеъмолчиларга компенсация тўланади

Электр узоқ вақт ўчирилса, истеъмолчиларга компенсация тўланади

Ўзбекистонда электр энергияси узоқ вақтга ўчирилган ҳолатларда истеъмолчиларга компенсация тўлаш механизми жорий этилади.
Янги тартиб Президентнинг 22 сентябрдаги фармони билан белгиланди. Унга кўра, электр таъминотида белгиланган меъёрий муддатлар бузилса, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш тартиби ишлаб чиқилади.

Яъни электр тармоқлари компаниялари энди нафақат электрни ўз вақтида тиклаши, балки белгиланган муддатлар бузилган тақдирда молиявий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.

Компенсация тўлаш тартиби бўйича низом лойиҳаси 2026 йил декабрига қадар тайёрланиши керак. Ҳужжатни Энергетика вазирлиги ва тегишли идоралар ишлаб чиқади, кейин Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Янги тартибда авариявий-таъмирлаш ишларининг энг юқори муддатлари ҳам белгиланади. Агар электр белгиланган муддатдан ортиқ вақт давомида бўлмаса, истеъмолчиларга тўловларни қайта ҳисоблаш ёки компенсация маблағларини автоматик ҳисоблаш механизми ишга туширилади.

Энг муҳими, бу жараён АСКУЭ биллинг тизими орқали автоматлаштирилиши режалаштирилмоқда. Демак, келажакда электр узоқ вақт ўчгани учун компенсация олиш жараёни истеъмолчининг алоҳида мурожаатисиз амалга оширилиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: