Россия сиёсий маҳбуслар борлигини рад этди

Россия сиёсий маҳбуслар борлигини рад этди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини қатъиян рад этди. Унинг айтишича, санкцияларни юмшатиш эвазига сиёсий маҳбусларни озод қилиш масаласи Москва ва Вашингтон ўртасида муҳокама қилинмаган.

Песков журналистлар билан суҳбатда бундай масалани муҳокама қилишнинг ўзи ҳам Россия нуқтаи назаридан номақбул эканини таъкидлади.

Аввалроқ The Atlantic журнали АҚШ президенти Дональд Трамп Москва билан муносабатларни яхшилаш мақсадида Россия иқтисодиётига нисбатан санкцияларни юмшатиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.

Нашр маълумотига кўра, эҳтимолий келишув доирасида Кремль айрим сиёсий маҳбусларни озод қилиши, АҚШ эса бунга жавобан Россияга қарши санкцияларни юмшатиши мумкинлиги айтилган.

Песков эса бу масала муҳокама қилинмаганини билдириб, Россия сиёсий маҳбуслар мавжудлигини тан олмаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, у аввал амалга оширилган турли маҳбуслар алмашинуви бўйича Россия ва бошқа давлатларнинг махсус хизматлари мунтазам алоқаларни давом эттираётганини маълум қилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: