Халқаро космик станцияда вақтинча 11 нафар космонавт яшамоқда

Халқаро космик станцияда вақтинча 11 нафар космонавт яшамоқда

SpaceX компаниясининг Dragon космик кемаси Crew-13 халқаро экипажини Халқаро космик станцияга (ХКС) етказди. Парвоз 7 соат 55 дақиқа давом этди. Бу Америка космик кемасининг станцияга амалга оширган энг тез парвози бўлди.
Янги экипаж таркибида америкалик астронавтлар Жессика Уоткинс ва Люк Делани, канадалик Жошуа Катрик ҳамда россиялик космонавт Сергей Тетерятников бор.

Уларнинг етиб келиши билан ХКСда вақтинча 11 нафар киши бўлди.

Станцияда жами олтита доимий ётоқ кабинаси ва иккита ҳожатхона мавжуд. Шу сабабли экипажлар қисқа муддат биргаликда ишлайдиган даврда қўшимча ухлаш жойлари ташкил этилади.

Бироқ ХКС учун 11 нафарлик экипаж рекорд эмас. Станцияда уч марта бир вақтнинг ўзида 13 нафар киши бўлган. Биринчи марта бундай ҳолат 2009 йилда қайд этилган.

5 октябрь куни, агар об-ҳаво шароити қулай бўлса, аввалги Crew-12 экипажининг Ерга қайтиши кутилмоқда. Янги экипаж эса ХКСда тахминан олти ой қолади.

Шу вақт давомида астронавтлар вазнсизлик шароитида қон айланиши ва тромблар пайдо бўлиш хавфини, Паркинсон касаллигини ҳамда лабораторияда етиштирилган юрак тўқималарини тадқиқ қилади.

Шунингдек, улар келажакда Ойга парвозлар учун зарур технологияларни тайёрлаш доирасида космик кемани қўлда қўндириш бўйича машғулотлар ўтказади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: