Ядро уруши ва сунъий интеллект инсониятни йўқ қилиши мумкин
Халқаро олимлар гуруҳи келгуси аср давомида инсоният саломатлиги ва ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган 17 та асосий хавфни аниқлади. Мутахассислар уларнинг иккитаси — ядро уруши ва сунъий интеллектдан ёвуз мақсадларда фойдаланиш — бутун инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Тадқиқот натижалари 11 октябрь куни Берлинда ўтказилган Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш саммитида эълон қилинди. Бу ҳақда The Lancet тиббиёт журнали ҳузуридаги халқаро экспертлар комиссияси маълум қилди.
Ядро уруши оқибатлари бутун дунёга таъсир қилиши мумкин
Олимларнинг огоҳлантиришича, ядро қуролидан оммавий фойдаланиш сайёрадаги ҳаёт шароитларини кескин ўзгартириб юбориши мумкин. Кучли ёнғинлар натижасида атмосферага кўтариладиган тутун Қуёш нурларини тўсиб, Ер ҳароратининг пасайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундай шароитда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш қийинлашади, озиқ-овқат ишлаб чиқариш камаяди ва кўплаб мамлакатларда очарчилик хавфи кучаяди. Бу жараён ядро очарчилиги деб аталади.
Яна бир жиддий таҳдид — сунъий интеллект имкониятларидан зарарли мақсадларда фойдаланиш. Хусусан, технологиялар хавфли биологик агентларни яратиш ёки улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Инсоният саломатлигига энг катта зарар нима сабабли етказилиши мумкин?
Тадқиқотда фақат глобал ҳалокатларга эмас, балки миллионлаб одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига таъсир қилувчи кундалик муаммоларга ҳам эътибор қаратилган.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, семиришнинг олдини олиш 2100 йилгача 23,1 миллиард йиллик соғлом умр йўқотилишининг олдини олиши мумкин. Таълим имкониятларини яхшилаш ва даромадлар ўртасидаги тафовутни камайтириш ҳам улкан натижа бериши мумкин.
Мутахассислар, шунингдек, иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, антибиотикларга чидамли микроблар, руҳий саломатлик муаммолари, чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш каби омилларни ҳам жиддий таҳдидлар қаторига киритган.
Қуролли можаролар, пандемиялар, болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги ва соғлиқни сақлаш соҳасига халқаро ёрдамнинг қисқариши ҳам келажакда катта зарар келтириши мумкин.
Олимлар хавфларни камайтириш йўлини кўрсатди
Комиссия мутахассислари таҳдидларга қарши курашишда фақат битта соҳани ривожлантириш билан чекланиб қолмаслик кераклигини таъкидламоқда. Чунки иқлим ўзгаришидан тортиб, қуролли можароларгача бўлган кўплаб муаммолар бир-бирига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу сабабли олимлар тиббиёт тизимларини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва янги пайдо бўлаётган хавфларни мунтазам кузатиб боришни таклиф қилмоқда.
Тадқиқот муаллифларининг ҳисоб-китобларига кўра, белгиланган 17 та хавфни камайтириш орқали 2100 йилгача жами 246 миллиард йиллик соғлом умр йўқотилишининг олдини олиш мумкин.
Мутахассислар келажакдаги оқибатлар бугун қабул қилинадиган қарорларга боғлиқлигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, хавфларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида чора кўриш инсониятнинг келажагини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга.
