«Дунёда журналистлар ўлими икки йил ичида 20 фоизга ошди»
2024–2025 йилларда дунё бўйлаб 189 нафар журналист касбий фаолияти сабабли вафот этган. Бу кўрсаткич 2022–2023 йилларга нисбатан 20 фоизга кўп. Бу ҳақда ЮНЕСКО бош директори Холид ал-Ананийнинг журналистлар хавфсизлиги ва уларга қарши жиноятлар учун жазосизликка қарши кураш бўйича ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳисоботда қайд этилган журналистлар ўлимининг 127 таси қуролли можаро ҳудудларида содир бўлган. Таъкидланишича, уларнинг 40 фоизи учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида амалга оширилган зарбалар оқибатида вафот этган.
Журналистлар энг кўп Фаластинда (62 нафар), Мексикада (17 нафар) ва Суданда (14 нафар) ҳалок бўлган. Украинадаги можаро эса 12 нафар ОАВ ходимининг ҳаётига зомин бўлган.
«Маҳаллий ва халқаро ҳарбий мухбирлар тобора ортиб бораётган хавф-хатарларга дуч келмоқда. Айниқса, ўзаро отишмалар ҳудудида қолиб кетиш, шунингдек, фронт чизиғидан узоқда ҳам нишонли ҳужумларга учраш хавфи ортмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, тўрт мамлакатдаги можаро ҳудудларида 36 нафар журналист вақтинчалик дала медиа марказлари ва иш жойларида ҳалок бўлган. Бир ҳолатда эса битта ҳужум оқибатида тўққиз нафар журналист ҳаётдан кўз юмган», — дейилади ҳисоботда.
Сўнгги 20 йил ичида ЮНЕСКО жами 1,6 минг нафар журналистнинг ўлимини қайд этган. Бироқ ушбу ҳолатларнинг атиги 14 фоизи бўйича тергов ишлари якунланган.
Шу билан бирга, ҳисоботда таъкидланишича, қуролли можаро мавжуд бўлмаган мамлакатларда якунланмаган тергов ишлари улуши 2012 йилдаги 94 фоиздан 2026 йилда 77 фоизга камайган.
«Шунга қарамай, бугун матбуот эркинлигига содиқлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Чунки у можаро ҳудудларида ҳам, тинч минтақаларда ҳам жиддий таҳдид остида қолмоқда, журналистлар эса бунинг учун ҳамон катта товон тўлашга мажбур бўлмоқда», — деди ЮНЕСКО бош директори Холид ал-Ананий.
