Моуриньо «Негрейра иши» бўйича кескин фикр билдирди: «Бу жаҳон футболидаги энг катта коррупция можароси бўлиши мумкин»
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо Испания футболида бир неча йилдан буён муҳокама қилинаётган «Негрейра иши» юзасидан яна бир бор ўз муносабатини билдирди. Португалиялик мутахассис мазкур вазиятни Италия футболи тарихидаги машҳур «Кальчополи» можароси билан солиштириб, испан футболида ҳозиргача жиддий чора кўрилмаганини танқид қилди.
«Негрейра иши» атрофидаги баҳслар
Мазкур иш «Барселона» клубининг Испания ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейра ва унга алоқадор компанияларга йиллар давомида миллионлаб евро тўлагани билан боғлиқ.
Тергов жараёнида ушбу тўловларнинг асл мақсади ўрганилмоқда. «Реал» томони эса мазкур молиявий муносабатлар орқали ҳакамлик қарорларига таъсир ўтказилган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
«Барселона» ўз навбатида айбловларни рад этиб, пуллар ҳакамлар фаолиятига оид таҳлилий ҳисоботлар ва маслаҳат хизматлари учун тўланганини билдирган.
Моуриньо Италия тажрибасини мисол келтирди
«Реал» устози Prime Video Italia телеканалига берган интервьюсида 2006 йилда Италия футболида юз берган «Кальчополи» можаросини эслади.
Ўша пайтда «Ювентус» ҳакамлик билан боғлиқ қоидабузарликлар сабаб Серия Bга туширилган ва клубга нисбатан бошқа жазо чоралари ҳам қўлланилган эди.
Моуриньо Италияда қабул қилинган қарорларни ижобий баҳолаб, Испаниядаги вазиятга ҳам жиддий ёндашиш лозимлигини таъкидлади.
«Мен фақат бир нарсани айтаман: италияликларни табриклайман. Чунки Италия «Кальчополи» можаросига ҳақиқий можаро сифатида муносабат билдирган ягона мамлакат бўлди. Испанияда нима содир бўлганини ҳамма билади, бироқ ҳозиргача ҳеч нарса бўлгани йўқ», — деди португалиялик мураббий.
«Бу ҳакамлик тарихидаги энг йирик можаро бўлиб қолиши мумкин»
Моуриньо ўз фикрини давом эттириб, «Негрейра иши» бўйича тегишли қарорлар қабул қилинмаслиги футболга бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди.
«Агар бу вазият бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаса, у жаҳон ҳакамлиги тарихидаги энг катта коррупция можаросига айланиши мумкин», — дея қўшимча қилди «Реал» бош мураббийи.
Португалиялик мутахассиснинг мазкур баёноти Испания футболидаги ҳакамлик тизими ва «Негрейра иши» атрофидаги муҳокамаларни яна кун тартибига олиб чиқди.
Айни пайтда иш юзасидан суд жараёнлари давом этмоқда. «Барселона»нинг ҳакамлик қарорларига таъсир кўрсатиш мақсадида коррупцион ҳаракатларни амалга оширгани ҳақида якуний суд ҳукми мавжуд эмас.
