Фарғонада аёл фарзандларини онасига ташлаб, Россияга кетди. Фарзанд эса отага берилди
Одатда ажрашиш ҳолатларида суд, болага она меҳри зарурлиги ҳамда отанинг моддий ёки маънавий имкониятларини инобатга олиб, фарзандларни она қарамоғида қолдиришни маъқул кўради. Бироқ, ҳаётда учрайдиган баъзи мураккаб тақдирлар бу қоидани ҳам истисно қилишга мажбур этади.
Янгиариқ туманида яшовчи фуқаро А.М. оилавий низолар сабаб икки нафар вояга етмаган фарзандини олиб, ота уйига қайтади. Аммо, кўп ўтмай, васийлик ва ҳомийлик органига хабар бермасдан, фарзандларини ўз онаси И.М.нинг қарамоғига қолдириб, даромад топиш мақсадида Россия давлатига жўнаб кетади. Бундан хабар топган ота Б.Х. фазандларини ўз тарбиясига олиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сўрови билан судга мурожаат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ижро варақасига кўра, 10 ва 5 ёшли икки нафар вояга етмаган болани бувиси И.М.нинг қарамоғидан олиб, отаси Б.Х. тарбиясига бериш белгиланди. Мазкур ҳужжат Мажбурий ижро бюроси Янгиариқ тумани бўлими иш юритувига келиб тушгач, давлат ижрочилари томонидан дарҳол тегишли ҳаракатлар бошланди. Давлат ижрочилари томонидан болаларни ихтиёрий равишда даъвогар ота Б.Х.га топшириш ҳақида огоҳлантирилган бўлса-да, жавобгар И.М. турли баҳоналар билан буни пайсалга солиб келди.
Қонун устуворлиги ва болалар манфаати биринчи ўринга қўйилган тезкор ижро ҳаракатлари натижасида, холислар иштирокида икки нафар норасида фарзанд ўз отасининг бағрига қайтарилди ва суд қарори ижроси тўлиқ таъминланди.
