Францияда илк бор Шамонда вируси инсонда аниқланди
Франция ҳукумати тарихда илк бор Шамонда (Shav) вируси инсонга юққанини маълум қилди. Бемор октябрь ойи бошида касалхонада вафот этган, деб ёзмоқда BBC News.
Шамонда ортобуньявируслар туркумига киради. У асосан йирик шохли қорамолларни зарарлайди ва майда чивинлар (мокрецлар) чақиши орқали юқиши мумкин. Ушбу касаллик қўйлар, эчкилар, альпакалар ва отларда ҳам қайд этилган. Вирус молларда кучли ич кетиши, иситма, ҳолсизлик ва сут беришнинг кескин камайишига сабаб бўлади.
Мазкур вирус илк бор 1960-йилларда Нигерияда аниқланган, кейинроқ Осиёда тарқалган, ўша йилнинг ёзида эса Европада ҳам қайд этилган. Шу пайтгача Шамонда вируси одамга юқмайди деб ҳисоблаб келинарди.
Франция Соғлиқни сақлаш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари дастлабки маълумотларга кўра, вафот этган беморга вирус мамлакат шарқида, ҳайвонлар орасида вирус тарқалган ҳудудда майда чивин чақиши оқибатида юққанини билдирди.
Расмийлар буни «фавқулодда истисно ҳолат» деб атади, чунки беморда оғир иммунитет танқислиги бўлган ва у Лиондаги шифохонада «жиддий касаллик»дан даволанаётганди. Унда катта эҳтимол билан Шамонда вируси билан боғлиқ бўлган неврологик асоратлар ривожланган. Вазирликлар беморнинг иммунитет тизими ўта заифлашгани уни инфекцияга нисбатан таъсирчан қилиб қўйганини қайд этди. Шунингдек, идоралар кенг аҳоли қатлами учун ҳеч қандай хавф йўқлигини алоҳида таъкидлади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Европа маркази (ECDC) вазият ривожини кузатиб бораётганини маълум қилди.
ЖССТ ҳозирча расмий хавф баҳолаши ўтказилмаганини, бироқ мавжуд маълумотлар ва шунга ўхшаш касалликларни ўрганиш тажрибаси бу якка тартибдаги ҳолат эканини ҳамда «айни пайтда вируснинг кенг тарқалиши эҳтимоли жуда паст» эканини кўрсатаётганини таъкидлади.
«Бундан ташқари, майда чивинлар ташувчи вирусларнинг тарқалиш қобилияти, одатда, йилнинг совуқ фаслларида сезиларли даражада пасаяди», — дея қўшимча қилди ЖССТ.
