Суперлигада 25-турнинг илк учрашуви ўтказилди
Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тури «Бунёдкор» ва «Машъал» ўртасидаги учрашув билан старт олди. Тошкентликлар ҳисобда ортда қолганига қарамай, 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир жадвалидаги ўрнини яхшилади.
«Локомотив» стадионида ўтган баҳснинг дастлабки дақиқалари меҳмонлар учун омадли кечди. 11-дақиқада Эргаш Исмоиловнинг узатмасини Зафар Акрамов голга айлантириб, «Машъал»ни олдинга олиб чиқди.
Бироқ «Бунёдкор» танаффусга қадар вазиятни ўз фойдасига ўзгартиришга эришди. Аввалига 18-дақиқада Ислом Анваров ҳисобни тенглаштирди, 33-дақиқада эса Шамсиддин Турсунмаҳаммадов мезбонларни олдинга олиб чиқди. Ҳар икки голга Амир Тўрақулов ассистентлик қилди.
Иккинчи бўлимда муборакликлар мағлубиятдан қутулишга ҳаракат қилди. Аммо «қалдирғочлар» ҳимояда ишончли ўйнаб, ғалабали ҳисобни учрашув якунигача сақлаб қолди.
Ушбу натижадан кейин «Бунёдкор» 26 очко билан 13-поғонага кўтарилди. Бор-йўғи 4 очкога эга «Машъал» эса мусобақа жадвалининг охирги ўрнида қолди.
Ўзбекистон Суперлигаси. 25-тур
«Бунёдкор» — «Машъал» — 2:1
Голлар: 0:1 — Зафар Акрамов (11), 1:1 — Ислом Анваров (18), 2:1 — Шамсиддин Турсунмаҳаммадов (33).
