Сунъий интеллект 20 йил аввал ўғирланган картинани топишга ёрдам берди
Италияда сунъий интеллект ёрдамида 20 йил аввал ўғирланган XVII асрга оид ноёб картина аниқланди. Жиноятчилар асарнинг айрим қисмларини ўзгартириб, унинг асл кўринишини яширишга уринган бўлса-да, технология уни таниб олишга муваффақ бўлди.
Италия полицияси ўғирланган санъат асарларини қидиришда Сwоадс номли сунъий интеллект тизимидан фойдаланмоқда. BBC хабар беришича, 2023 йил ноябридан буён ушбу технология ёрдамида 300 дан ортиқ йирик картина ва ҳайкал, шунингдек, 165 мингдан зиёд танга, медал ва қўлёзма аниқланиб, қайтарилган. Уларнинг умумий қиймати 203 миллион евродан ошади.
Мазкур тизим санъат асарларининг ранглари, шакллари ва тасвирий хусусиятларини таҳлил қилиб, улар ўртасидаги ўхшашликларни аниқлайди. Ҳатто асарнинг айрим қисмлари ўзгартирилган тақдирда ҳам, унинг асл нусхасини таниб олиши мумкин.
Воқеа 2024 йил октябрь ойида Парма шаҳридаги қадимий буюмлар ярмаркасида юз берган. Полиция ходимлари кўргазмага қўйилган санъат асарларини суратга олиб, сунъий интеллект тизимига юклаган. Шунда дастур қўлида ўрама битик ушлаб турган ёш аёл тасвирланган картинадаги ўхшашликка эътибор қаратган.
Текширув натижасида бу 2004 йилда Сулмона шаҳридаги черковдан ўғирланган картина экани маълум бўлган. XVII асрга мансуб асарда Римлик Авлиё Агнес тасвирланган.
Жиноятчилар картинани таниб олиш қийин бўлиши учун унинг бир нечта деталини ўзгартирган. Жумладан, авлиёнинг қўлидаги қўзичоқ ўрнига ўрама битик чизилган, боши устидаги нурли ҳалқа ва палма новдаси эса олиб ташланган.
Шунга қарамай, сунъий интеллект асарнинг асл нусхаси билан ўхшашликни аниқлашга ёрдам берган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай технологиялар ўғирланган маданий бойликларни излашда муҳим восита ҳисобланади. Бироқ уларнинг қонуний эгаларига қайтарилиши терговчиларнинг иши ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги ҳамкорликка боғлиқ.
Италия 2027 йилгача ўғирланган санъат асарларини аниқлашга хизмат қилувчи халқаро тизим яратишни режалаштирмоқда.
