Бухорода қуён овчилари Экополиция ходимларини калтаклади. Ходимлардан бири касалхонада

Бухорода қуён овчилари Экополиция ходимларини калтаклади. Ходимлардан бири касалхонада

Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги Қорақир массивида жойлашган муҳофаза этиладиган ҳудудда Экополиция ходимлари томонидан навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейд тадбирлари давомида Пешку туманида истиқомат қилувчи беш нафар фуқаро томонидан муҳофаза этиладиган ҳудудда тақиқланган тунги ёритиш мосламасидан фойдаланган ҳолда, ов қуроли ёрдамида ноқонуний ов амалга оширилгани аниқланди. Натижада жами 13 дона қуён овланганлиги маълум бўлди.

Ҳолатни аниқлаш жараёнида Экополиция ходимлари ҳаракатланиб келаётган УАЗ русумли автомашинани кўздан кечириш учун тўхтатганда, автомашинада бўлган фуқаролар ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган. Қаршилик давомида Экополиция ходимларига тан жароҳати етказилган.

Шунингдек, ҳодиса оқибатида Экополиция ходимларидан бири тан жароҳати олган. Унга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган. Воқеа жойига туман Ички ишлар бўлими ходимлари жалб этилган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолатга қонуний баҳо берилиши ва натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: