Тошкентдаги кўп қаватли уй қурилишида 23 ёшли йигит вафот этди
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги кўп қаватли уй қурилишида қурувчининг бошига “опалубка” тушиб, вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Мълум бўлишича, воқеа 2024 йилнинг 11 март куни содир бўлган
Янгиҳаёт туманининг “Янги Дархон” маҳалласида Кинг Ҳоусе МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишларида ишлаб келаётган 2001 йилда туғилган Ш.Б.нинг бошига қурилаётган уйнинг 14-қаватидан “опалубка” тушиб кетиб, вафот этган, — дейилади Тошкент шаҳар прокуратураси ахборотида.
Дастлабки суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига бош мия очиқ жароҳати, калла гумбази асосий суякларининг юз суякларига ўтувчи синишлари, боя мия лат еб мажағланиши, умуртқа поғонаси ва орқа мия ёпиқ жароҳати, олтинчи-еттинчи кўкрак умуртқалари синиши, орқа мия лат ейиши, кўкрак қафаси ёпиқ тўмтоқ жароҳати, тўш суяги, ўпкалар лат еб ёрилишлари, бош соҳаси эзилиб, йиртилган яраси, ташқи ва ички қон йўқотиш, ички аъзолари камқонлиги сабаб бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.