Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (22-қисм)
Шу пайт бирин-сирин укалар кириб келишди. Фазлиддин билан кўришишди. Малоҳат эса ўтиролмади. Чиқиб кетди. Шу билан Саида чой дамлаб келгунича кирмади.
— Саида опа, — деди Фазлиддин Малоҳатнинг баттар уялишини истамай, — мен борай. Янги йил билан бирровга табриклагани келгандим. Муаллимга бир-иккита нарса ёзиб олиб келгандим.
— Шошмай тур, ҳозир келиб қолишади. Ўзинг берасан. Сендан сўрайдиган нарсалари бордир, — деди Саида.
Малоҳат ич-ичидан Фазлиддиннинг кетишини истамасди. Чунки жудаям соғинган. Ҳар куни у ҳам Фазлиддин ҳақида ўйлайди. Йигитчага атаб ёзганлари бир дафтар бўлган. Лекин ёзганлари орасида бир оғиз ишқий калом йўқ эди. У ўтган кунлари ҳақидаги маълумотномага ўхшарди: мактабга боргани-келгани, кимлар билан гаплашгани, дарсда нималар қилгани, кейин уйдаги ишлари тўғрисида. Чунки қиз шундай қилиб ёзса, Фазлиддин билан кўришиб тургандай, у билан гаплашаётгандай сезарди ўзини. Енгил тортарди.
Шунча кутгани келди-ю, мана, дарров кетаман деб турибди. Аслида, йигитнинг шошаётганига унинг ўзи сабабчи. Боя айтган гапларининг тагида «Нега келдинг? Кет?» деган маъно ётарди.
Малоҳат дарров шуни англаб етди.
— Кетманг. Опам бир-иккита нарсани сиздан сўрамоқчи, — деди у бошқа гап тополмаганидан.
— Нимани? — дея синглисига қаради Саида.
— Ўқишни сўрайман, дегандингиз-ку, — деб жавоб қилди Малоҳат ва тезда аразлаганини билдириш учун Фазлиддинга қараб олди.
— Ҳа, — деди Саида ва Фазлиддинга ўгирилиб: — сен пединститутни биласанми? — дея сўради.
— Пединститут биздан анча нарида. Лекин университет яқинимизда.
— Ўқишга бормоқчиман, нима дейсан?
— Зўр бўларди.
Фазлиддин ич-ичидан хурсанд бўлди. Илло, Саиданинг бундай гапи уни Малоҳат билан янада кўпроқ кўришишига имконият берарди.
— Отам: «Ҳеч қанақа танишимиз йўқ. Қиз боланинг бегона шаҳарда юриши яхшимас», дейди.
— Мана, мен-да танишингиз. Ўзим ҳамма йўл-йўриғини кўрсатаман. Университетнинг ётоқхонаси ўқув биносига жуда яқин.
— Лекин кира олармиканман? Жуда қиммат дейишади.
Гапнинг пул томонга кетгани Малоҳатнинг ғашига тегди. Опа шу билан: «Бизда унча пул йўқ. Биз пора эвазига ўқишга киролмаймиз», деяётгандай эди.
— Каллангиз билан кирасиз, — дея кесатди у.
— Билим роль ўйнамайди. Пул берганлардан бошқаларга жой йўқ дейишади.
— Жуда унчаликмас. Кирса бўлади. Менинг ўзим ёрдам бераман. Ундан кейин университетда ўқийдиган танишларим ҳам бор, улар йўл-йўриқ кўрсатишади.
Шу ерда уларнинг гаплари кесилди. Чунки ташқаридан оёқ товуши эшитилганди. Бу отанинг уканикидан қайтиб келганлигини билдирарди.
— Эй, — деди муаллим эшикни очиб ичкарига қараркан, — ана янги йил! Кутган одамингни мана шундай кунда кўрсанг, байрам икки марта зўр бўлади!
Муаллим укаси билан пиёла чўқиштирган экан, дарров ҳиди келди. Фазлиддиннинг кўнгли бузилди. Ахир у муаллимнинг ичкилик ичишини истамайди. Чунки муаллимнинг ўзига боғлиқлик томони бор деб ҳисоблайди. Бироқ айни пайтда у ҳеч нарса дея олмайди. Ҳадди сиғмайди.
— Эсиз, — деди оқ соч муаллим бошидаги телпагини олиб ёнига қўяркан, — сен билан бир отамлашардим-у, аммо кичкинасан-да.
Фазлиддин қизарди. Мийиғида кулиб устозига қаради.
— Қалай, яхши келдингми? Бу келишинг чўзилиб кетдими? Биз ўқиб юрган пайтларимиз ўн беш кун, бир ойда уйга келардик.
«Мени эса ҳар ҳафта келгим келади. Айнан сизникига», деган ўй Фазлиддиннинг хаёлидан яшин тезлигида ўтди.
— Узоқ-да. Кейин шанба куниям кечгача дарс бор, — деб ўзини оқлаган бўлди у.
— Ҳимм. Майли. Ҳозир айни ўқийдиган пайтинг. Кейин хоҳласанг ҳам вақт тополмайсан. Ўзи ҳамма нарсани одам йигирма-йигирма беш ёшигача ўрганиб бўлиши керак. Айниқса, эркак зоти. Ўқишларинг қалай?
— Ёмонмас.
— Нималарни ўргандинг яна?
— Унча кўпмас. Араб тилини, кейин рус тилини ўрганяпман.
— Менга нима олиб келдинг?
— Бу сафар кўпроқ. Кейин кўнгилни хира қиладиган тарихий маълумотлар.
— Сассиқ деб бурнингни кесасанми? Нима бўлсаям, ўзимизнинг ўтмишимиз. Аммо бугун у тўғрисида гаплашмаймиз. Байрамни байрамдай ўтказиб олайлик. Сен келажакда тарихчи бўлмоқчимисан?
— Бошида шундай эди. Лекин аста-секин айнияпман.
— Нега?
— Ҳеч қаерда чоп этишнинг иложи йўқ экан. Битта журналист акам шундай деди.
— Тўғри айтибди. Агар ҳамма бўлган воқеаларнинг рўй-ростини жамласанг, бомба бўлади. Бир хил нарсаларнинг ростидан ёлғони аъло. Аммо ўзинг учун билиб қўйганинг яхши.
Муаллим аёли узатган пиёлани қўлига олди. Кейин идишларга бирма-бир қараркан:
— Овқатларингни сузмадингларми? — деди.
— Ҳозир айтаман.
Одат бўйича ота келганидан кейин Малоҳат билан Саида уйдан чиқишганди. Агар Фазлиддин бўлмаганида, чиқишмасди. Бироқ шу битта бегонанинг борлиги уларнинг битта дастурхон атрофида ўтиришларига тўсиқ бўлди.
Шу пайт ҳовли томондан кимларнингдир шўх-шодон кўришган овозлари эшитилди.
— Катта қизинг келганга ўхшайди, — деди муаллим аёлига.
Хонадон бекаси дарров ўрнидан турди-да, шошганча ташқарига чиқиб, қизи ва куёвини кўрди. Улар билан қучоқ очиб кўришди. Пиёда келганликлари учун уларнинг ҳар иккисини ҳам койиди. Қўшни қишлоқ унчалик узоқ эмас, икки минг қадамча чиқади. Бироқ қизи иккиқат. Биринчи ҳомиласи. Шундай ҳолида қаҳратон қишда ва яна кеч бўлганда йўлга чиққанлари учун гап эшитишди.
Уларнинг келиши Фазлиддиннинг кетиш муддатини ортга сурди. Ҳомиладор қиз қорни каттариб қолганлиги учун отасига кўриниш беришдан уялади. Аммо начора, кириб кўришди. Бироқ кўп ўтирмади. Дарров ташқарига чиқди. Сингиллари билан бирга уларнинг хонасига кирди.
— Анави бола ким? — дея сўради Саидадан.
Саида қошини учириб Малоҳатга ишора қилди.
— Тушунмадим.
Зебонинг юзи жиддий тус олди.
— Малоҳат, тинчликми? — дея бу сафар кичик сингилга қаради опа.
— Ҳа, тинчлик, нимайди? — деди бирдан дув этиб қизарган Малоҳат.
— Бу поччангнинг энг кичкина божаси ҳалитдан уйга келволибди.
— Жиннимисиз?! — деди бирдан кўзи ёшга тўлган Малоҳат. — Уйга келмасингиздан нималар деб валдираяпсиз? Ўзи манавинингиз шу пайтгача кўзимни очирмаётганди, — деб Малоҳат Саидага ишора қилди, — энди камига сиз бошладингизми?
— Хўп, майли, ким у?
— Мен қаердан билай? Ана, отамдан сўранг. Ҳаддингиз сиғадими сўрашга?!
— Бўлди, бўлди. Салга портлаб кетасан-а!
— Гапингизни ўйлаб гапиринг-да, бўлмаса.
— Ҳазиллашдим.
— Бошқа нарсадан ҳазил қилинг. Бўпти, шунчалик экан, ҳозир кираман-да, тур йўқол, дейман. Сени деб бошим балога қолди, дейман. Ана шунда кўнгилларингиз хотиржам бўладими?!
— Саида, — деб Зебо катта синглисига қаради, — бу Малоҳат нега бунча ўзгариб қолди?
Саида кулди.
— Ўзи, опа, бундан ўтиб кетаяпти-да. Индаманг, ўзига келади.
Малоҳат қовоғини солиб Саидага қаради.
— Агар бирортангиз яна шундай дейдиган бўлсангиз, умуман сизлар билан гаплашмай қўяман, — деди у.
— Бўлди, бошқа гапирмаймиз.
— У бола, — дея Саида Малоҳатга кўрсатмасдан Зебога кўзини қисиб қўйди, — отамнинг шогирди. Садоқатли шогирди. Тошкентда ўқийди. Устозини янги йил билан табриклагани келибди. Бор гап шу.
— Ҳа-а, шундай демайсизларми? Бир-бирларингга имо-ишора қиласизлар. Ўзи-чи, Саидахон, одам бир хил пайтларда кўз остига олган одамларини яқинларига менгзайди.
— Мен жон-жон деб айтган гапингизга кўнардим, аммо Фазлиддин мендан кичкина. Лекин отамнинг айтишига қараганда, жуда яхши бола экан.
— Яна бошланди, — дея кесатди гап ўзани яна ўзи томонга йўналганини сезган Малоҳат.
— Бўпти, бўпти. Поччангга дарров овқат киритинглар. Нима қилдинглар ўзи?
— Манти, — дея жавоб берди Саида.
— Зўр-ку. Поччанг бу ерга келгунимизча бир-иккита жойга кириб чиққанди. Яхши емаган, шекилли, анча кайфи ошиб қолибди.
— Бўпти, — деб Саида уйдан чиқди.
Зебо унинг ортидан юрди ва юриш асносида:
— Сен ҳам юр, — деди кичик синглисига.
— Мен бормайман! Байрамниям расво қилдинглар, — деди Малоҳат аразлаб, — ўзи нега келдингиз?
— Бўлди. Мен таслимман. Бошқа оғзимдан чиқмайди. Энди кўриниши яхши бола экан-да. Шунга ҳазиллашгим келганди.
— Ҳазиллашишни қойиллатдингиз. Энди бориб эрингизнинг ёнида ўтиринг. Яна ичиб, ўчиб қолмасин. Мастликда отамнинг шогирдини «божа» деб, ҳаммаёқнинг расвосини чиқармасин. Ўзи унингизнинг оғзи валдир-шалдир, тилига келганини қайтармайди.
— Ҳай, ҳай, сингилча, сен ҳам ҳар бало деяверма. Нима бўлгандаям поччанг.
— Қандай, ўзингиздан ҳам ўтиб кетарканми? Пичоқни аввал ўзингизга уринг, оғримаса бошқага.
— Сен қиз роса бетгачопар бўпсан. Бир яхшилаб гаплашиб қўйиш керак экан.
— Ўзларингиз мени шундай қилиб қўйдиларингиз. Индамасаларингиз, мен бир нарса демайман.
Зебо ич-ичидан кулди. Бироқ бу кулгини ташқарисига чиқармади. Чиқарса, Малоҳатдан балога қолишини биларди. Шу боис чиқиб кетди. Малоҳат эса айнан шуни кутаётганди. Чунки Фазлиддиннинг ёзганларини ўқиши керак… Хат матни эса қуйидагича эди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)