Испания ва Италия Украинага қўшин юбормоқчи эмас
Испания ва Италия мудофаа вазирлари НАТО қўшинларининг Украинага юборилиши юзасидан баёнот берди. Бу ҳақда Voice оf America хабар берди.
Испания мудофаа вазири Маргарита Роблеснинг айтишича, мамлакат Украинага қўшин юбормайди, чунки у Россия билан конфликтни кучайтирмоқчи эмас.
Биз, аксарият НАТО давлатлари каби, Украинага қўшин юбориш номақбул эканини тушунамиз, чунки бу конфликтнинг кучайишини англатади. Ҳозирда ҳар қандай ҳолатда ҳам кескинлашувнинг олдини олиш керак, — деди у La Vanguardia нашрига берган интервьюсида.
Италия мудофаа вазири Гуидо Кросетто Украина тарафдорлари коалициясини бирликка чақирди ва Рим ҳеч қачон можаро ҳудудига қўшин юбормаслигини таъкидлади.
Ғарб ўзини яхшироқ кўрсатиш учун Украинага НАТО қўшинларини юбориш каби катта баёнотлар беришдан қочиши ва Европада 27 киши бўлганимизда икки ёки уч кишилик учрашувларга бўлиниб кетмасликлари керак, — деди у lа Reppublica газетасига берган интервьюсида.
Италия вазирига кўра, Россия “бирлиги”га қарши туриш учун Европа давлатларига аниқ, мувофиқлаштирилган стратегия ва, эҳтимол, янги коалиция тузиш керак.
Кросетто Киевга яна ҳам кўпроқ ўқ-дорилар кераклигини тан олиб, бундай қарорлар Европа Иттифоқи ва НАТО даражасидаги учрашувларда қабул қилиниши кераклигини айтган.