Россиядаги теракт иши бўйича яна уч нафар айбланувчи ҳибсга олинди

Россиядаги теракт иши бўйича яна уч нафар айбланувчи ҳибсга олинди

25 март куни Москванинг Басманний суди тергов талабига биноан Крокусдаги теракт бўйича жиноий иш бўйича учта айбланувчини ҳибсга олди.

 

Ака-ука Диловар ва Аминхон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси Исроил уюшган гуруҳ таркибида (Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми “б” банди) одам ўлимига олиб келган террорчилик хуружини содир этганликда айбланмоқда. Диловар ва Аминхон Исломовларга аллақачон айблов эълон қилинган, уларнинг отаси гумонланувчи сифатида қолмоқда.

 

Исломовлар оиласи Тверда яшайди ва ишлайди. 23 ёшли Диловар Исломов террорчилар Крокусни тарк этган автомобилнинг эгаси ҳисобланади. Терактдан бир неча соат ўтгач, у тахминан бир ҳафта олдин машинасини хотинининг укасига сотганини айтганди.

 

Диловар ва унинг 33 ёшли акаси Аминхоннинг сўзларига кўра, Тергов қўмитасига ўзлари келган. “Машинамни кўрганимиздан кейин, ўзимиз келдик”, дейди Диловар Исломов. Аминхон Исломов судяга “Мен айбсизман”, деб жавоб берган.

 

Бир кун аввал суд терактнинг бевосита иштирокчиси деб топилган тўрт нафар шахс – Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Муҳаммадсобир Файзов ва Шамсиддин Фаридуни ҳибсга олди. Улардан икки нафари айбини тан олди.

 

Суд залидан олинган сурат ва видеоларга қараганда, терактни бевосита содир этганликда айбланаётганлар ҳибсга олингандан кейин қийноққа солинган. Улардан бирининг бўйни пакет билан ўралган, иккинчиси қўлга олинганда хавфсизлик кучлари томонидан кесиб ташланган қулоғи боғланган. Учинчи айбланувчи судга тиббий аравада ва катетер билан олиб келинган. У суд мажлисида нима бўлаётганига муносабат билдирмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: