Замира Бешимова: “Собиқ эрим ўғлимнинг бўйнига пичоқ тираб, уни ўлдирмоқчи бўлган”
Таниқли актриса Замира Бешимова “Yashin TV” YouTube каналига берган интервьюсида биринчи турмуш ўртоғи билан нима сабабдан ажрашгани ҳақида сўзлаб берди.
— Биринчи турмуш ўртоғим билан кечган ҳаётимни эслагим келмайди. Тасаввур қилинг, қўлимда эмизикли ўғлим билан кечаси соат 11-12 ларда Тошкент вокзалида вагонларнинг орасида бўш вагон излаб югуриб юрганман. Ҳозир эсласам кинога ўхшайди. Битта бўш вагон топиб, ўриндиққа ўтириб олганман. Бола қўрққанидан роса йиғлаган. Мана шу ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди. Кўз ўнгимда қолиб кетган. Шунақа вазият бўлганки, мен ажрашишдан аввал уйдан қочиб чиқиб кетганман.
Ўзимга қилганларига чидаганман, лекин чақалоғимнинг бўйнига пичоқ тираганида боламни кўтариб олиб чиқиб кетганман. Вокзалга келиб, биринчи қаерга поезд бўлса, ўша ерга кетаман, деб Самарқандга йўл олганман ва бир ой ўша шаҳарда яшаганман. Ўша пайт хориждан иш топиб, ўғлим билан чиқиб кетмоқчи бўлганман. Эримнинг розилигисиз боламни чет элга олиб чиқолмаслигимни билмаганман.
Тошкентга келиб билет олиб хорижга кетмоқчи бўлганимда собиқ эрим ИИБ ходимлари билан келган ва “Боламни мендан олиб қочиб кетяпти”, деб ўғлимни мендан олиб қўймоқчи бўлган. Шундан сўнг судга ажримга ариза берганман, улар ҳам анча ажратишни истамаган. Боласини ўлдирмоқчи бўлганини айтганимда уч ойда ажратиб юборган.
Актрисанинг айтишича, ҳозирда ўғлининг ўз отаси билан алоқалари йўқ.
— Ўғлим ҳозир 14 ёшда. Анча катта бўлиб қолди, ҳамма нарсани очиқчасига гаплашамиз. Отаси билан гаплашишни истамайди, алоқалари йўқ. Кўчада кўрсам, “Ундай қиламан, бундай қиламан”, дейди жаҳл устида. Ҳозир у жуда қизиққон, — дейди Замира Бешимова.