Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (56-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (56-қисм)

Йил. Ҳа, йил шунақа тез ўтиб кетдики, Фазлиддин ҳатто киприк қоқишга улгурмагандай бўлди. Аслида, бу йил азобли бўлиши керак эди. У бу ерда, Малоҳат қишлоқда, ўртада ҳижрон азоби бўлиши керак эди. Ҳар қалай, китобларда ошиқлар мана шундай кўйга тушишади…

У инглиз тилини деярли тўлиқ ўрганиб олди. Энди Лондондан олиб келган китобларининг ҳаммасини ўқиб тушуна олади. Иккинчи томондан, у АҚШга бормади. Негадир унинг ўрнига қандайдир Илья исмли бола кетибди. Волгоградлик. Аслида, у ҳам Лондонга борганди. Фақат бошқа оғирликда курашганди. Йўлланмани қўлга киритганди. Ёши катта эди. Беш ёшга. Аммо у оғирлигини ўзгартирибди. Озибди. Фазлиддинники билан килоси бир бўлибди. Шунинг учун Фазлиддиннинг ўрнига кетибди.

«Масала бошқа ёқда, — деди Фазлиддиннинг мураббийи Бодров. — Ҳукумат берадиган катта пул бор. Ўша пулни ўзлаштириб олишлари учун сенинг ўрнингга бошқа бировни қўйишган».

Фазлиддин эса хурсанд бўлди. Ҳар қалай, ўзи учун вақти кўп бўлади. Бўлди ҳам. У энди физика билан ҳам астойдил шуғуллана бошлаганди…

Унга қизил диплом беришди. Бу университетга битта имтиҳон топшириб кириш имконини берарди. Яна Хонзодахон ёнига келди. Бу сафар у ҳеч қанақа пул олмади. Айтдики: «Агар сен ўқишга кирмасанг, университет ёпилади», деб.

Университет ёпилмади. У эса дастлабки имтиҳондан, химия фанидан «беш» баҳо олди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди-да. Чунки айни пайтда унинг билими унча-мунча домлаларникидан юқорироқ эди…

У натижани эшитиши билан уйдагиларидан, Малоҳатдан суюнчи олиш учун дарров йўлга тушди. Бир йил мобайнида анави уч минг сўмнинг мингини ҳам ишлатмаганди. Агар ўзига кийим-бош олмаганида, эҳтимол, шу минг сўмнинг ҳам бор-йўғи икки-уч юзини сарфлаган бўларди…

Уйидагилар хурсанд бўлишди. Айниқса, отаси. Энди биров сўраса, Фармон ака: «Ўғлим университетда ўқийди», дейди. Шу пайтгача айтолмасди. Ҳар сафар қурилиш техникумида, деганида юрагининг бир чеккаси жиз этарди. Ич-ичидан эзиларди. «Эй, Худо, ўзинг кечир», дерди. Энди мана шу ёлғондан қутулди. Иккиланмайди. «Химия факультетига Фазлиддин ўқишга кирган», дейди.

— Болам, — деди у Фазлиддинга, хушхабарни эшитганидан сўнг, — кел, шу битта қўй сўяйлик.

— Нега? — дея ажабланиб сўради Фазлиддин.

— Шунчаки тўрт-бештани чақириб едириб юборамиз. Ҳозир ўзимиз пахсадан қуриб олган икки хонали масжидда одам унчалик кўп эмас. Милиция келди. Бу ерда намоз ўқиманг. Рухсат йўқ, деди. Агар бировнинг ўқиганини кўриб қолсам, олиб бориб қамаб қўяман, деди. Бу қайта қуриш, ошкоралик, деган нарсалар номигагина экан. Яна раис ҳам келиб огоҳлантириб кетди. «Сенларнинг каллаларинг йўқ, — дейди. — Сенлар давлатга қарши боряпсанлар. Шу бир-иккитангнинг умринг қамоқда чиришини хоҳлаяпсан», — дейди. Шундай бўлсаям чоллар ўқишяпти. Улар қўрқишмайди-да. Улар ёшларини яшаб, ошларини ошаб қўйишган-да… Шунга улар битта қўйни еб қўйишолмайди. Мулла бобони чақирамиз. Бу ёғи қариндош-уруғ, қўни-қўшни. Ҳали шу битта қўй етмасаям керак.

Фазлиддин елкасини қисди. Сўнг:

— Сиз нима десангиз шу, — деди.

У борган куннинг ўзидаёқ Малоҳатларникига кетмоқчийди, аммо имкони бўлмади. Кечки пайт уйидан чиқиб кетишнинг иложини топмади. Онаси тандир сомса (пичак) ёпган экан. Таом кечроқ тайёр бўлди. Бунинг устига, амакиси Абдуалим ҳам келиб қолди. У дастурхон бошига ўтиргани ҳамон, Фазлиддинни саволга тутаверди. Тошкент, у ердаги одамлар ҳақида кўпроқ сўради. Шу билан соат миллари кечки пайт тўққизга яқинлашиб қолди…

Эртасига Фармон ака айтган тадбир тушга яқин бошланди. Уч соатча давом этди. Ниҳоят, қуёш шу кунги сўнгги нурларини сочаётган пайтда Фазлиддин йўлга тушди…

Тикка кириб борди. Ахир ўтган икки йил мобайнида боравериб Малоҳатнинг уйдагиларига ҳам худди қариндошдай бўлиб қолган эди. Ҳар сафаргидай Малоҳатнинг кўзлари чақмоқдай ёнди. Юраги пўкиллайди. Ўзини қўярга жой тополмайди. Ичида бир нима аланга бўлиб ёнади. Бироқ буларнинг бари ташига чиқмайди. Худди Фазлиддинда бўлгани каби. Фақатгина иккисининг ҳам юзида ним табассум пайдо бўлади. Шу табассумнинг ўзи кўп нарсани гапиради…

— Сени ўқишга бунчалик осонлик билан киришинг, аслида, янгилик эмас, — деди Соли ака, — агар сен кирмасанг, бошқа ким киради? Ҳозирнинг ўзидаёқ билганларингни мактаблардаги жуда кўп ўқитувчилар билишмайди.

— Йўқ, жа унчаликмас ҳали. Мен қизиқдим, холос. Кейин омадим чопиб қолди. Олдинига бир курсга сакратишди. Кейин қизил диплом беришди. Бунинг устига, жуда осон саволлар тушиб қолди. Яна Америкага мусобақага бормаганимнинг ҳам фойдаси тегди, — дея хижолат бўлганча жавоб қайтарди Фазлиддин.

Бунгача Малоҳат олиб келган чойни дастурхоннинг четига қўйиб, ўзи ташқарига йўл олганди. У Фазлиддинни кутиб олмади. Амакисиникида эди. Амкисининг ҳам у қатори қизи бор. Аммо улар қариндош бўлганлари учунгина бир-бирлари билан сал-пал борди-келди қилишади. Сабаби Малоҳат у билан ёшлигидан келишмайди. Бу сафар бир кун олдин олинган иккита нонни қайтариб бериш учун борганди. Худди шу пайт Фазлиддин уларникига келган ва у кўрмай қолган эди.

— Мен буни бошқача тушунаман. Омад ҳамиша зўрларга кулиб боқади. Ҳаракат қилганга, интилганга кулиб боқади. Иккичилардан бирортаси борсин-чи, шунақа қилиб кириб кетсин-чи! Йўқ, ундай бўлмайди… Хўп, мана, ўқишга ҳам кириб олдинг! Энди битирганингдан кейин нима қиласан?

— Ҳозирча билмайман. Лекин мени ўйлантирадиган сирли нарсалар жуда кўп. Университетнинг битта яхши томони лабараториясининг борлиги. Ана шу ерда бир-иккита нарсани қилиб кўрмоқчиман. Ҳали мен сизга Лондондан олиб келган китобларимдан олган маълумотларни гапиргандим. Шуларни лабораторияда синаб кўрмоқчиман. Ундан кейин физик амаллар ҳам бор… Бош мақсадларимдан биттаси нефтни истеъмолдан чиқариш. Чунки унинг фойдасидан кўра зарари жуда катта… Ҳозир далада ишлайдиган тракторлар, кўчаларда юрган машиналар ҳаракатланишлари учун жуда кам маблағ сарф этаётгандай, аммо бир кун келиб, у қимматлаб кетади…

Соли ака кулди. Қўлини силтади.

— Эй-й, бунга ҳали жуда узоқ, ундай кунлар келгунича сен ҳам қариб кетсанг керак…

— Йўқ, бундай бўлмайдиганга ўхшайди. Шамол аллақачон бошқа томондан эсиб қолганга ўхшайди. Ҳозир, мана, қайта қуриш, ошкоралик бошланиб кетди. Шунинг ўзиёқ кўп нарсани кўрсатиб қўйяпти…

— Менинг сенга маслаҳатим: сиёсат деган балога умуман аралашма.

— Хўп, — деди Фазлиддин бошини қимирлатиб.

Шундан кейин уларнинг гаплари унчалик ҳам қовушмади. Бунинг устига, Саида эри билан бирга келиб қолди. Саида ҳомиладор бўлибди. Ой-куни ҳам яқинга ўхшайди. Эҳтимол, шу кўзи ёришидан аввал ота-онасини кўриб кетишни истаган. Эрининг исми Равшан. Буларнинг тўйларига Фазлиддин келмаган. Келолмаган. Ўша куни устози қори Муҳаммад Али домла унга водийга бирга бориб келишни таклиф қилганди. «Катта олим, Уйғуристон давлатининг биринчи ва охирги президенти Алихонтўра Соғунийнинг ўғиллари суннат тўй қилаётган экан. Домланинг кўп шогирдлари келишади. Бирга борсангиз, уларнинг суҳбатларини олиб келасиз», деганди. Қолаверса, у таклифни ҳали Саиданинг тўй куни маълум бўлмасидан олдин билдирганди. Шу боис у водийга кетди-ю, Саиданинг тўйига боролмади. Ўшанда Малоҳат жуда қаттиқ хафа бўлганди. Ўзиям тўрт бетга сиғадиган хат ёзганди. Охирида: «Наҳотки мени, отамни менсимаган бўлсангиз, наҳотки бизни бегоналар каби қабул қилган бўлсангиз… Эсим қурсин, аслида, ҳам шундай-ку», деб тугатган эди.

Фазлиддин хат қўлига тегмасидан бурун келди. Аввал Соли ака билан учрашди. Ўша куни Малоҳат ҳам уйда эди. Фазлиддиннинг келаётганини кўрди. Бироқ атайлабдан ўзининг хонасидан чиқмади. Ҳатто чой дамламади. Бошини боғлаб ётиб олди…

Фазлиддин нега келолмаганини Соли акага тушунтирди, сўнг у билан бирор соатча гаплашиб ўтирганидан кейин кетди. Ич-ичидан Малоҳатнинг хафа бўлганини сезиб кетди. Сўнг уйидагиларга, хусусан, Малоҳатга Солижон аканинг ўзи Фазлиддин нега келолмаганини айтди. Ортидан: «Жуда тўғри иш қилган, унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам шундай қилган бўлардим. Одам ўз лафзини ушлашни билиши керак. Уни катта келажак кутиб турибди. Биргина Саиданинг тўйига келмагани билан осмон узилиб ерга тушиб қолмайди», деди.

Отасининг сўзларини эшитган Малоҳат бироз таскин топди. Аммо бунгача хатини жўнатиб қўйган эди. Кейин ортидан дарров бошқасини ёзди. Шу билан орадаги араз кўтарилди…

Равшан озғин, юз суяклари бўртиб чиққан, сочини орқага тараб юрадиган бола экан. Янги куёвлиги учун кўкрагини бироз кериб ўтирди…

Фазлиддин эса эртароқ ош сузилишини истарди…

У Малоҳат билан гаплашолмади. Фақат хайрлашиб уйдан чиқиб кетаётганида:

— Сизни Хадича опа кўп сўраяпти, — деди.

— Ҳа, — деди Малоҳат шу заҳоти кулиб, — хатида ёзибди. Иккаламиз ҳар ҳафтада хат алмашамиз. Барибир, менга дарс беряпти. Уям хат орқали.

— Ҳа, бу қизни у жудаям ўзгартириб юборди, — дея орага қўшилди Фазлиддинни кузатишга чиққан Малоҳатнинг онаси.

— Ёмонмасман-ку, тўғрими? — деб онасига қараб қўйди Малоҳат.

— Ёмонмассан-ку-я, лекин одамларнинг гап-сўзларидан қутулиб олишимизга анча вақт кетди-да.

— Ана, мен сизга айтгандим-ку, оғизлари чарчаса, ўзлари гапирмай қўйишади, деб. Ана, кўрдингизми, худди айтганимдай бўлди, — дея бу сафар Малоҳат қиқирлаб кулди.

Фазлиддин жилмайиб қаради, бошини қимирлатди.

— Тўғри айтган экансиз, — деди ва шундан сўнг кетди. Истаб-истамай, оёқларини зўрға кўтариб босиб кетди. Шунга мажбур эди-да у.

Соли ака Фазлиддинни айвонгача кузатди. Ундан берироққа ўтишга куёвидан уялди. Чунки куёви Фазлиддинни ёқтирмади. Аслида, уларнинг бу кўришиши илк бора эди. Бироқ Равшан уни олдинроқ ёқтирмай қолганди. Фазлиддин билан Малоҳатнинг орасидаги муносабатларни хотинидан эшитгач, Фазлиддиннинг нималарга эришганини билгач, уни ёмон кўрди. «Бети йўқ бола экан. Муштдай бошидан қизнинг уйига тўғридан-тўғри кириб келаверадими? Машҳур бўлса нима қипти? Бу уни бемалол безбетлик қилишига йўл очиб бермайди-ку», деганди. Кейин хотинини ҳам Тошкентда унинг уйида яшаганлиги учун койиганди.

Ҳозир эса қайнотасига ичидагиларидан бир чимдимини чиқарди.

— Сал кеккайган болага ўхшайди. Кейин фаросат ҳам оқсайди, шекилли, — деди.

— Йўқ, — деди Соли ака, — жа, унчаликмас. Унинг калласи ғиж-ғиж билим. Қуръон ўқийди. Ҳар сафар айтадиган гапини обдан ўйлайди, тарозига солади, кейин гапиради.

— Сизга шундай туйилса керак-да. Аммо мен унинг кўзи ўйнаётганини кўрдим. Ҳамма билими борларнинг кўнгли тоза бўлавермайди. Мен унақаларнинг шаҳарда қанчасини кўрдим. Иши битгунча улардан яхши одам бўлмайди. Битганидан кейин шундай ўйнатиб кетади… Айниқса, қизларни.

Равшаннинг шаъмасини Соли ака тушунгандай бўлди. Илло, Фазлиддин билан Малоҳатнинг ораларидаги муносабатдан озми-кўпми хабари бор эди. Қолаверса, Фазлиддинни куёв қилиб олиш нияти йўқ эмасди. Бироқ Равшаннинг гапларидан сўнг унинг ичига шайтон оралади…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: