Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (58-қисм)
У кетди.
Орадан яна бир соатча ўтиб, Малоҳатнинг уйидагилари келишди. Улар Фазлиддиннинг келиб кетганини билишмади. Бироқ шубҳа уйғотадиган нарсалар бор эди. Бу биринчи навбатда қисқа муддатда беданинг ўрилгани бўлса, кейин уйдаги ҳамма бошқа ишларнинг ҳам бажарилгани эди. Бунинг устига, овқат ҳам тайёр экан. Она ҳайрон. Ота ҳайрон. Бироқ ҳайронлик ошкор этилмади. Сабаби энди улар нафақат Фазлиддиндан, балки Малоҳатдан ҳам чўчиб қолишганди. Чўчишларига унинг ҳаддан зиёд кўп меҳнат қилиши, китоб ўқиши, намозларини канда қилмаслиги эди. Онанинг ичи ачирди. «Қизим, дамингни ол. Бунақада бирор нимани орттириб оласан», дерди. Бироқ бунга Малоҳат кўнмасди. Аммо чарчадими, дарров уйга кириб ётиб оларди. Ана шу ётганини она яхши кўрарди. Ҳартугул, одамга ўхшаб дам оляпти, дерди… Айни пайтда у Фазлиддинни ёмон кўра бошлади. Ахир ойдай қизини, мана, нима аҳволга солиб қўйди? Агар куни келиб, Малоҳатни унга эрга берса, бу қиз нима аҳволга тушади? У шу ҳақда Соли акага бир-икки марта айтди. Соли ака ҳеч нарса демади. Бироқ Фазлиддиннинг Тошкентдаги устози Хонзодахоннинг гапларини эслади. «Мен қизимни бунақа болага беришга қўрқаман», деган эди у. У бекорга айтмаганга ўхшайди…
Орадан бир ҳафта ўтгач, Фазлиддин яна уларникига келди. Бироқ Малоҳат билан тузук-қуруқ гаплаша олмади. Илгари бир неча марта бўлгани каби, бу сафар ҳам уларнинг нигоҳларигина гаплаша олди.
Кейин Фазлиддин яна тўрт кунни қишлоғида ўтказиб, бешинчи куни Тошкентга кетди. Борди-ю, ўқишга кўмилди. Ўзи лабораторияда синаб кўришни мўлжаллаган амалларни, формулаларни туза бошлади…
У ёғи сентябрь келди. Ўқиш бошланди. Аммо кўп ўқишмади. Ҳамма студентларни пахтага олиб кетишди. Жиззахга. Бироқ уни қолдиришди. Спорт комитетдагилар: «Бу курашчи бизга керак. Халқаро мусобақаларга боради. Йўқса, шарманда бўламиз», дейишди. Чунки мураббий Бодров келган, ректорга учрашганди. Бироқ ректор кўнмади. «Эл қатори пахтага боради», деди. Аммо Бодров мақсадига етмаса қўймайдиганлар хилидан эди. Дарров спорткомитетга борди. Шикоят қилди. Дарров бир энлик хат ёздириб олди. Унга кўра Фазлиддин пахтага боришдан озод этиларди. Қолаверса, сўнгги пайтларда «ошкоралик» роса авж олаётган палла эди. Катталар ўзларининг ўтирган креслоларини бой бериб қўйишдан чўчишарди. Шу боис унча-мунча нарсаларга кўз юмишарди.
Бироқ бу пайтга келиб, негадир Фазлиддинни мусобақаларга чақирмай қўйишганди. Баҳоналар тиқилиб ётарди. Ҳали унинг ўрнига арман йигити жўнаб кетар, ҳали бир яҳудий номзоди қўллаб-қувватланарди. Фазлиддинга эса бир ҳисобдан шуниси яхши эди-ю, бироқ яхшилигини ошкор этмасди.
Лекин қишлоқда Малоҳатнинг аҳволи анча танг бўлиб қолди. Унга совчилар келишди. Қуйи қишлоқдан. Фазлиддиннинг Рисолат исмли синфдошининг акаси. Бир пайтлар у ҳақда Фазлиддинга Шокир айтганди. Хавфли деганди. Малоҳатга уйланиш имконияти бор, деганди. Институтда ўқийди, деганди. У алдамаган экан… Хуллас, ўша йигит. Дарвоқе, унинг исми Бобур эди. У армияга бориб келди. Уйлангиси келди. Уйдагиларининг ҳам нияти шундай экан. Ахир бош фарзанд. Уларниям эртароқ келин кўргилари келади-да. «Кўнглингдагини айт», дейишди. Бобур айтишдан олдин дўсти билан бирга мактабга борди. Дўстининг «Москвич» машинаси бор эди. Ўзлари билан дурбин ҳам олишди. Сабаби Бобур ўзининг нима мақсадда келганини айтишни истамади. Ахир унинг ҳам қулоғи бор эди. Малоҳат билан Фазлиддиннинг ораларидаги муносабатдан хабардор эди. Бироқ эшитганларига кўпам ишонавермасди. Шунга қарамасдан, олдин Малоҳат билан гаплашиб олишни истамади. «Бир кўрай, қанақа қиз бўлибди?» деди. Кўриб, оғзи очилиб қолди. Дурбиндан қараса, Малоҳат бешта қизнинг орасида келяпти. Бошқалардан фарқли ўлароқ, рўмол ўраган. Ўраганда ҳам бўйнини қўшиб ўраган. Кўйлаги узун. Кўйлагининг енги кафтигача келади. Бошқа қизларга ўхшаб «хохо-хехе» қилмаяпти. Жуда одоб билан келяпти. Афтидан, қизлардан бири роса кулгили гап айтяптики, бошқалар ўзларини эркин қўйиб юборишган. Малоҳат эса мийиғида куляпти. Гўзаллиги янаям ошибди. Кийимлари роса ярашибди… «Бўлди, — дея ўйлади йигит, — уйлансам ҳам шунга уйланман, уйланмасам ҳам…»
Хаёлидагини олдин дўстига айтди. Дўсти: «Қўй, — деди. — Анави чемпион келиб қолса…»
— Нима қиларди? Мени уриб ўлдирармиди?! Бекор гап ҳаммаси! Тамом, шу қиз меники бўлади! — деди у қатъий.
Кейин шу гапларни уйидагиларга айтди. Уйидагилар: «Қиз ҳали мактабни битирмабди», дейишди. Аммо Бобур оёғини тираб туриб олди. «Қолганини менинг мактабимда ўқийди, керак бўлса, ўзим институтга киргизиб қўяман, танишларим бор», деди.
Шундай қилиб, унинг уйидагилари йигирманчи сентябрь куни шом маҳал Малоҳатларнинг уйига боришди.
— Қизим ҳали кичкина, — деди Соли ака, — бунинг устига, уни ўқитмоқчиман. Келажакда ер тирмалаб, пахта оралаб юришини истамайман, — деди.
— У ёғидан хавотир олманг, — деди Бобурнинг онаси. У ўта тилли-жағли, бировларни гап билан ўраб олишга жуда уста аёл эди. Бунинг устига, ушлаган жойини кесиб олмасдан қўймасди, — биз ҳам Бобуржонни шаҳарда қолдирмоқчимиз. Калласи бутун бола. Ҳозирча институтнинг ўзида ўқитувчи қилиб қолдиришни режалаштиряпмиз. Аммо иккинчи мўлжаллаб қўйган томонимиз ҳам бор. Бир амакиси милицияда ишлайди. Бошлиқ. Шу киши ўзимга ишга оламан, деб турибди. Қизингиз ҳам ўқийди, ҳам шаҳарда яшайди. Уй олиб берамиз. Мол-ҳол деган нарсалар ҳам бўлмайди. Иссиқ-совуқ сув тайёр. Биргина қиладиган иши овқат тайёрлаш бўлади. Хўп, деяверинг, — деди.
Соли ака аниқ жавоб қилмади.
— Онаси билан бафуржа гаплашиб олайлик, — деди. — Аммо, барибир, қизимиз кичкина ҳали. Рози бўлишимиздан бўлмаслигимиз аниқроқ, — деди.
Аммо ўзининг кўнглида шуларга нисбатан қандайдир илиқлик пайдо бўлди. Шу илиқликни хотинига айтди. Хотини ўйланиб қолди.
— Анави Фазлиддин нима бўлади? — деди аёли кейин.
Шунда Соли ака Хонзодахоннинг гапини тилига кўчирди. Бироқ «Фалончидан эшитдим. Фалончи менга шундай деганди», демади. Гапни худди ўзиникидай қилиб гапирди.
— Мен ҳам шу Фазлиддиндан қўрқаман. Қаранг, қизингиз нима аҳволга тушди? Уларнинг ораларида нима борлигини билмайман. Аммо Малоҳат Тошкентдан келганидан кейин умуман ўзгариб кетди. Бўлмаса, Саида ҳам у билан бирга эди. Саида илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Ана, битта рўзғорни балодай эплаб юрибди. Кейин Саиданинг гапларига қараганда, Фазлиддин билан Малоҳатнинг орасида илиқлик бор экан.
— Унда ҳозирча Малоҳатга ҳеч нима дема, совчилар яна келишсин-чи, улардан ўғиллари тўғрисида яна сўрайлик-чи. Кейин Қуйи қишлоқда менинг бир-иккита ошнам бор, шулардан ҳам йигитнинг оиласини сўраб-суриштираман, — деди.
Малоҳат совчилар келганини билди. Онаси айтди. «Сени сўраб келишибди, — деди. — Шунинг учун дастурхонга қўйишга бирор нима олиб кирма», — деди.
Малоҳат совчилар кетгунича ўзининг хонасида ўтирди. Ўзини қўярга жой тополмай ўтирди. «Қанақанги аҳмоқ одамлар? Мактабниям битирганим йўқ, шундаям уялмасдан келишибди», деб ўтирди. «Фазлиддиндан бошқасига умуман тегмайман», деб ўтирди. «Кетишсин, онам билан яхшилаб гаплашаман», деди. Кейин чалғиш учун китоб ўқимоқчи бўлди. Бироқ калласига ҳеч вақо кирмади. Қайтага, китоб ўқиса, баттар хаёли совчиларга қараб кетиб қолаверди… «Мен-ку, кўнмаслигим, тегмаслигим аниқ. Лекин синфдошларим эшитиб қолишса, роса устимдан кулишади. Кесатиқ гаплар билан бошимни кўтариб юришга имкон бермай қўйишади. Фазлиддинни қўшишади. Яна ким қанча гап-сўз қилади. Ана шуниси ёмон», деди ўзига ўзи.
Совчилар кетганидан кейин эса дарров ошхонага борди. Чунки онаси шу ерга киришини, унга совчилар ҳақида гапиришини биларди. У онасига ишонади. Онаси билан отаси Малоҳатга иш қолдирмайди, деб ўйлайди. Чунки улар ҳам Фазлиддинни яхши кўришади. Ҳар қалай, у шундай хаёлда…
Онаси ошхонага кирди.
— Адашиб келишибдими? — деди унга дарров Малоҳат.
— Йўқ. Тўғри келишибди, — дея жавоб қилди она.
— Нега? — деб сўради Малоҳат қошлари чимирилиб.
— Қизиқмисан? Қизи бор уйга келишади-да.
— У ёқ-бу ёқдан сал сўрашмайдими? Бу қизнинг ёши нечада дейишмайдими?
— Йўқ, ундай дейишмайди… Хуллас, гап бундай, йигит студент экан. Армияга ҳам бориб келибди.
— Нима бўлибди шунга?
— Айтяпман сенга. Гапимни бўлма. Билишинг керак-ку.
Малоҳат чуқур хўрсинди, сўнг:
— Билишим шартмас, — деди.
— Менга қара, сен жуда мулойим бўп қолгандинг-ку. Нимага бирдан…
— Эй-й, тақдирим ҳал бўлаётган пайтда, индамай ўтиравераманми?
— Қизим, ким сенга тақдиринг ҳал бўляпти, деди? Мен шунчаки келганларнинг айтган гапини айтяпман. Тамом-вассалом. Бу дегани, эртага шу болага сени берамиз дегани эмас.
— Хўп.
— Хуллас, шундай гаплар экан. Йигит сени шаҳарга олиб кетаркан. Ўзи ўқитаркан. Уй оларкан. Шаҳарда яшаркансан.
— Керакмас ҳеч вақоси. Бошқа қадамларини босишмасин. Саида опамга ўқишга киришига йўл қўйиб бергандингизлар. Мени бўлса, мактабни битирмасимдан эрга бериб юбормоқчига ўхшайсизлар…
— Бекор айтибсан. Бўпти, ўзи сенга айтмаслигим керагиди… Идишларни юв.
Бироздан кейин у эрига Малоҳатнинг айтган гапларини сўзлади. «Унингиз эшитишниям хоҳламаяпти. Ҳатто «Ким экан? Нима экан?» деб сўрамадиям. Қадамини босмасин, деяпти», деди.
Соли ака кулди. «Қайси қиз эрга тегаман, дейди. Бўлди, энди совчилар келганини айтма унга», деди.
Орадан икки кун ўтиб, ўша совчилар яна келишди. Бу сафар Соли ака ўзининг уларга нисбатан илиқлиги борлигини билдирди. Совчилар кетадиган пайтлари уларга: «Яна келинглар-чи, унгача биз яна ўйлаб кўрайлик», деди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)