Буларга нима бало бўлган?!
Одам сира тушунмайди. Аввалги чиқишларимиздан бирида ҳам гапиргандик. Ҳозир ўқишга киришнинг умуман муаммоси йўқ. Муҳими, истагингиз бўлса бўлди. Аммо негадир кимлардир кимларнидир ўқишга киритиб қўймоқчи бўлади. Ундоқ қилади, бундоқ қилади, тўрига илинтиради… Йўқ, бунақа нарсаларга тез тез кўзимиз тушаяпти. Шунга кўра, масала сал бошқачароққа ўхшайди… Яъни балиқнинг ўзи тўрга тушишни ихтиёр қилади…
Иккита фуқаро М.Ҳ. ва М.Ж. бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, олдиндан жиноий тил бириктиришиб, танишлари орқали Қирғизистон Республикасидаги институтга киритиб қўйишга ваъда беришади. Ва эвазига 46 миллион сўм сўрашади. Олишадиям пулни. Кейин негадир М.Ж. пулларнинг бир қисмини, яъни 17 миллион сўмини қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.