Қизилтепа тумани «замҳокими»: «Опен бюджет»га 50 тадан овоз йиғмаганни қуритаман!..» (видео)
Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўлмас Истамов Zoom орқали йиғилиш қилиб, ташкилот раҳбарларини “Опен бюджет”да битта ташаббусга овоз тўплашга мажбурлади. Ижтимоий тармоқларда ҳоким ўринбосарининг ушбу йиғилишдан ёзиб олинган аудиоси тарқалди.
Ўлмас Истамов қайси ташкилот раҳбари кечгача белгиланган овозни тўпламаса, ким бўлишидан қатъи назар уни ишдан бўшатиб юборишини айтган.
“Ҳозир ҳоким топшириқ берди, агар натижа қилмайдиган бўлсанг хафа бўлиб ўтирма бирортанг.
Шаҳриёр, натижа қилсанг қил, бўлмаса аризангни ёз, тушундингми гапимни? Менга бугун натижа қиласан. Агар “обед”дан кейин юзта овоз йиғиб бермасанг, йўқ бўласан, жўра. Менга сен каби раҳбар керак эмас. Бугун кечга “разбор” бўлади.
Қани 3-боғча, депутат, Атамуродова? Нима учун натижа қилмаяпсиз? Оқолтиннинг боғчалари билан гаплашяпман, Ванғозининг боғчалари ҳам биттаям ўзгариш қилгани йўқ. Айтиб қўяй, бугун жуда катта ўзгариш бўлади кадрлар масаласида. Камида 50 фоиз боғча мудираси ишдан кетади.
Ҳамма ишингизни йиғиштирасиз ҳозир ва опен бюджет бўйича йўлнинг ёқасига иккинчи жойга овоз берасиз. Ҳамма хулоса қилсин, катта йиғилиш бўлади мана шу масала бўйича. Агар бугун ким ўзгариш қилмайдиган бўлса, ҳурматли боғча мудиралари, кейин хафа бўлиб ўтирманг: қизиғи йўқ ким бўлишингиздан қатъи назар. Шунинг учун ҳамма хулоса қилиб, бугун камида 50 та ўзгариш қилиши керак.
Агар ўзини ҳурмат қиладиган раҳбар бўлса, керак бўлса бирорта қариндошининг номига сим карта олиб бўлса ҳам қилади. Агар ёғ керак бўлса, ёғ ҳам бераман сизларга. Тайёрман шу нарсага ҳам.
35-, 8-, 18-, 26-боғчалар ҳам ўзгариш қилгани йўқ. Яхши бўлмайди бугун, айтиб қўяй. Жуда қаттиқ йиғилиш бўлди ҳозир шу масала бўйича. Бирортангиз кечирилмайсиз.
Каримов Эркин қани? Эй, оғайни, лўттивозлигингни пишириб е, тушундингми? Сен ҳам кетасан бугун, айтиб қўяй. Анави Тиллаев дегани, 3-сонли мусиқа мактаб директори ҳам кетади. Менга қасамхўрлик қилиб, икки мингта овоз йиғиб бераман деб лағмонни илдириб кетган, ноинсоф. Спорт мактаб ҳам йўқолади бугун.
Қолганларга ҳам айтиб қўяй, агар бугун ўзгариш бўлмайдиган бўлса, ҳаммангни йўқотаман, менга бунақа команда керак эмас”, деган ҳоким ўринбосари йиғилишда.
Ўлмас Истамов ташкилот раҳбарларига кечгача элликтадан овоз тўплашни топширган ҳамда ким буни бажармаса ўша ташкилот раҳбари билан хайрлашишини, яъни уни ишдан бўшатиб юборишини айтган.
Маълумот учун, Ўлмас Истамов 2022 йил 15 феврал куни Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. 34 ёшли “замҳоким” бунгача Қизилтепа тумани халқ таълими бўлими мудири (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири) лавозимида ишлаб келган.