Эрон нега зиддиятларга аралашиб қолди?

Эрон нега зиддиятларга аралашиб қолди?

Эрон дунё бўйлаб давом этаётган қонли можароларда номи доим тилга олинадиган давлатлардан бири бўлиб қолди. Эрон нима учун бундай зиддиятларга аралашмоқда? У шонли ўтмишини тикламоқчими ёки ўзини сақлаб қолиш пайидами?

Эрон узоқда жойлашган бўлса-да, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги Ғазодаги урушдан тортиб, Россиянинг Украинага босқини ва Суриядаги фуқаролар урушигача тўғридан-тўғри роль ўйнамоқда.

Эроннинг АҚШ билан ўнлаб йиллардан бери давом этаётган таранглиги ва мамлакатнинг ҳимоявий стратегияси ушбу фаолликка қисман жавоб беради.

Аммо Эрон нима учун бунчалик кўп можароларга аралашаётганини тўлиқ англаш учун «Би-би-си» 5 та сабабни таҳлил қилди.

Айрим мутахассислар Эрон – ўта мураккаб шахмат ўйинини бошқараётган даҳо эканлигини айтади.

Хўш, Эрон нима хоҳлаяпти?

Ушбу саволга жавоб топиш учун 5 та сабаб келтирамиз.

 

Шонли ўтмиш

 

Аввало, XXI асрдаги Эронни англаш учун, биз ўтмишга қайтишимиз керак бўлади.

Осиё чорраҳасида жойлашган Эрон дунёнинг энг қадимий ва узлуксиз тамаддунларидан бирининг ватани ҳисобланади.

Форс империяси ўзининг чўққисига етган вақти 50 миллион киши яшаган. Бу ўша вақтдаги дунё аҳолисининг ярми бўлиши мумкин.

“Нафақат Эрон элитаси, балки кўплаб оддий одамлар орасида ҳам Эроннинг шонли ўтмиши ҳақида фикр юради. У минтақавий ва глобал ишларда муҳим роль ўйнайди”, дейди Халқаро алоқалар катта маърузачиси доктор Камрон Метин.

Эрон ҳудудларида асрлар давомида бир қатор империялар ҳукмронлик қилди.

Кейин VII асрда мусулмон Араб қўшини минтақани ишғол қилиб, Ислом динини олиб келди.

XX асрнинг бошларида инглизлар Эронда нефть топгач, мамлакат жаҳон саҳнасида шов-шувга сабаб бўлди.

Инглизлар Эронни ҳеч қачон мустамлака қилмаган бўлса-да, кейинчалик «British Petroleum»га айланган “Англо-Эрон” нефть ширкатининг тузилиши — уларнинг мамлакатда катта таъсирга эга бўлганлигини кўрсатади.

1953 йили Британия кўмаги ва АҚШ бошчилигида ташкил қилинган давлат тўнтариши, демократик йўл билан сайланган Бош вазир Муҳаммад Мусоддиқни ҳокимиятдан ағдарди. Унинг нефтни миллийлаштириш сиёсати мамлакат иқтисодини издан чиқарган савдо эмбарголарига сабаб бўлганди.

Ғарбпараст шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий 26 йил нисбатан тинч бошқарув даврини сурди.

Хориж матбуоти ўша вақтларда “Шу ондаги пойтахт Теҳронда ўтмишга жой йўқдек кўринади”, деб ёзишди.

Аммо бу 1979 йилгача давом этди.

Саҳнага Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний чиқиб келди. У мамлакатнинг олий раҳбари бўлди ва замирида дин ётган янги Эронни бошқара бошлади.

1979 йили уни инқилоб отаси дея миллионлаб одам аэропортда қарши олди.

“Бир одам қандай қилиб бунчалик ҳурматга сазовор бўлиши ҳайратланарли”, деди Ғарб медиаси.

Ҳумайний қайтгач, сиёсий амбицияларини эълон қилиш учун кўп куттирмади. Бу бизни кейинги сабабга бошлайди.

 

Америка Қўшма Штатлари

 

Инқилобдан сўнг энди одамлар кўчаларда “Америкаликларга ўлим, Шоҳга ўлим, Картерга ўлим”, деб бақирарди.

“Эрон инқилоби ортидан Эрон Ғарб билан иттифоқига кескин нуқта қўйди”, дейди доктор Камрон Метин.

Бир муддат Францияда қочқинликда яшаган Ҳумайний 1979 йилнинг 1 февраль куни тарафдорлари олдида “Юртимиздан хорижликларнинг қўли кесилганда, зафар қучамиз”, деб чиқиш қилди.

Оломон уни қўллаб “Америкага ўлим! Америкага ўлим!” деб бақирарди.

Янги режим тарафдорлари бўлмиш бир гуруҳ талабалар Теҳрондаги Америка элчихонасига бостириб кириши — халқаро санкцияларга олиб келган 444 кунлик қарама-қаршиликни келтириб чиқарди. Натижада, Эрон ва АҚШ ўртасидаги таранглик янада кучайди.

“Аммо ўшандан буён Эрон Кўшма штатлар гўёки Исломий республикани ағдаришга қилаётган мунтазам ҳаракатидан ҳимояланиб келади”, дейди доктор Камрон Метин.

Ўнлаб йиллар давомида икки давлат ўртасида зўравонлик авж олди.

1988 йил АҚШ кўрфаз узра Эрон самолётини уриб туширди.

Эрон самолёт бортида 290 киши бўлган, улардан 66 нафари болалар эканлигини айтиб чиқди.

Зиддият кучайганидан бир муддат ўтиб, 2020 йили нуфузли Эрон генерали Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилди.

Америка расмийлари Қосим Сулаймонийни ўлдирган ҳаво ҳужуми ҳимоя мақсадида амалга оширилганини айтишди.

“Қосим Сулаймоний ўлдирилди ва унинг қонли қилмишлари абадий йўқолди”, деди АҚШ президенти Доналд Трамп.

2023 йил Исроил-Ғазо уруши бошланганидан сўнг 4 ой ичида АҚШ Эрон дастакловчи жангарилар унинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига 170 марта ҳужум қилганини қайд қилди. Бу 4 ой олдингига нисбатан 20 баробар кўп.

3 америкалик аскар ҳалок бўлгач, АҚШ жавоб қайтариш билан таҳдид қилди.

“Адашманг, биз тез ва қатъият билан ўз одамларимиз ва хавфсизлигимизни ҳимоя қиламиз”, дейди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

Ушбу огоҳлантириш АҚШ базаларига ҳужумларнинг кескин камайишига олиб келди.

“Эрон минтақада Америкага энг кўп қарши давлат эканлигини кўрсатиб қўймоқчи”, дейди Оксфорд университетидаги эронлик олима Ёсамин Матр.

У, шунингдек, халқаро иттифоқчилар орттиришга интилмоқда.

“Шу сабаб, улар доим қарши томоннинг душмани тарафида турган. Улар Россияни иттифоқчи деб билади, чунки уларнинг бошқа ҳеч кими йўқ”, дейди Ёсамин Матр.

Эрон Россиянинг иттифоқчиси сифатида ишончига кириш ва глобал таъсирини орттириш мақсадида Украинага қарши урушга дронлар сингари қурол-яроғ етказмоқда.

АҚШ Эронни Украинага қарши урушда Россияга қурол беришда айблайди. Бу Теҳроннинг Москва билан алоқаларни мустаҳкамлашга уриниш сифатида қабул қилинади.

“Яъни Эрон нафақат қўшма штатларни минтақадан сиқиб чиқармоқчи, балки бу бўшликни тўлдиришни ҳам хоҳлайди”, дейди доктор Камрон Метин.

Бироқ Яқин Шарқда ҳукмронлик учун рақобатлашаётган икки йирик давлат бор.

 

Уларнинг биринчиси — Исроил

 

“Эрон учун энг катта таҳдид АҚШдир, ундан сўнг Исроил. Шу сабаб у йиллар давомида Эрон тупроғига ҳужумнинг олдини олиш учун ушбу ҳамкорлар ва проксилар тармоғини яратди. Бу қаршилик ўқи сифатида танилган тармоқдир”, дейди доктор Али Воиз.

Эроннинг Яқин Шарқда таъсири прокси сифатида танилган ҳарбийлашган гуруҳлар иттифоқи кўринишида ёйилмоқда. Бунга Ғазода Ҳамас, Ливанда Ҳизбуллоҳ, Яманда Ҳусийлар, шунингдек, Ироқ, Сурия ва Баҳрайндаги бир неча яхши қуролланган гуруҳлар киради.

Уларнинг аксарияти айрим Ғарб давлатлари томонидан террорист ташкилотлар рўйхатига киритилган.

“Эрон доим қўллаб келадиган ишончли рад қилишнинг маълум даражаси бор”, дейди доктор Али Воиз.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қаршилик ўқи аъзолари қарори ва ҳаракатларида буйруқни Эрондан олмаслигини айтади.

“Тармоқ ҳар қачонгидан ҳам мувофиқлаштирилган ва ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қобилиятга эга. Аммо шунга қарамасдан, 7 октябрдан сўнг Эрон ғафлатда қолгани маълум бўлди”, дейди доктор Али Воиз.

2023 йил 7 октябрда Ҳамас қуроллилари Исроилга ҳужум қилиб 1200 одамни ўлдирди.

Бу Фаластин-Исроил можароси тарихидаги энг ҳалокатли урушга сабаб бўлди.

Эрон ҳужумга ҳар қандай алоқаси борлигини рад қилди, аммо Ҳамаснинг ҳаракатларини очиқ қўллади.

“Ўшандан бери Эрон катта босим остида қолган Ҳамасга маънавий дастак кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга Эрон Ҳизбуллоҳ ва ўқнинг бошқа аъзоларини АҚШ ва Исроил билан тўғридан-тўғри зиддиятга тортмаслик учун ҳаддини ҳам билди”, дейди доктор Али Воиз.

Қаршилик ўқининг ҳамма аъзоси ҳам Эрон билан бил хил муносабатга эга эмас.

“Ҳизбуллоҳ энг қудратлиси. У Эрон қаршилик ўқи тожининг гавҳаридир”, дейди доктор Али Воиз.

1980 йилларда пайдо бўлган Ҳизбуллоҳ Ливан жанубида жойлашган ва Исроилнинг шимолий чегарасига ҳарбий хавф туғдиради.

“Теҳрон Исроил аввал Ҳамасни йўқ қилиб, кейин Ҳизбуллоҳга ўтади, деб тахмин қилмоқда. Менимча, Эрон ушбу можаро қанчалик вайронкор бўлишини англаб ва кейинги босқич Эронга тўғридан-тўғри ҳужум бўлмаслигини билган ҳолда чизиқ чизади”, дейди доктор Али Воиз.

Эронлик олима Ёсамин Матр прокси гуруҳлар тўлиқ Эрон назоратида эканлигига ишонмайди

 

Саудия Арабистони ҳам Эронга муаммо туғдиради

 

У Яқин Шарқдаги энг йирик сунний кучидир, Эрон эса шиаларнинг катта кучи.

Исломнинг ушбу турли тармоқлари пайғамбар Муҳаммад (С.А.В) вориси бўлганми деган масалада қарама-қарши фикрга эга.

Икки давлат ҳеч қачон тўғридан-тўғри урушмаган бўлса-да, Эрон ва Саудия Арабистони ўнлаб йиллардан бери прокси тўқнашув ҳолатида.

“Минтақадаги энг йирик шиа давлати бўлмиш Эрон ўзини Яқин Шарқдаги мусулмонлар, айниқса, минтақадаги шиа жамоасининг табиий етакчиси сифатида кўради. Бундан ташқари Эрон, Ҳусийларга ёрдам бериб, Саудия мавқеига зарба беришга ҳаракат қилмоқда”, дейди доктор Камрон Матин.

2015 йили Яманда фуқаролар уруши бошлангандан буён ҳукуматни ағдаришга ҳаракат қилаётган Ҳусийлар гуруҳи Саудия Арабистони билан урушмоқда.

2023 йили минтақавий таранглик кучайгач, ҳусийлар жаҳон савдоси учун геосиёсий муҳим юк ташиш йўли бўлган Қизил денгизни нишонга олди.

“Ҳусийлар ҳозир мамлакатнинг ярмидан кўпида назорат ўрнатган, шунинг учун улар ҳисоблашиш керак бўлган кучга айланишди. Ва улар Эронга қулоқ солишади”, дейди олима Ёсамин Матр.

АҚШ Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жейк Салливан “Ўт очаётган Ҳусийларга қуролни Эрон етказаётганини” айтди.

“Аммо улар Ислом республикасидан келаётган барча амрларни бажаришга мажбур эмас”, дейди Ёсамин Матр.

Эрон ҳусийларга қурол етказиб бераётганини рад қилади ва уларни фақат сиёсий жиҳатдан қўллашини таъкидлайди.

Эрон, шунингдек, Сурия фуқаролар урушида ҳам ўзининг сиёсий содиқлигини кўрсатди.

“Эроннинг позицияси — Саудия Арабистони қўллайдиган ҳаммага қарши туриш, шу сабаб Асадга ёрдам берди”, дейди Ёсамин Матр.

У Араб ҳамда Ғарб дастаклаган исёнчиларга қарши курашган ҳукуматни бошқарган Башар Асадга ёрдам берди.

Ёсамин Матрга кўра, бу айримлар айтганидек, мафкуравий эмас, балки прагматик дастак эди.

Бу Эроннинг нима учун сунний Ҳамасни қўллаб қувватлашини ҳам тушунтиради ва Эроннинг стратегик мақсадлари кўпинча дин доирасидан чиқишини кўрсатади.

“Эрон ҳақиқий ёки эҳтимолий ташқи душманга дуч келганда, диний жиҳатдан яқин бўлмаган гуруҳларни дастаклашдан тортинмайди”, дейди доктор Камрон Матин.

Алалоқибат, Эрон жангларни ўз сарҳадларидан узоқроқда тутишга ҳаракат қилмоқда. Бу бизнинг бешинчи ва охирги сабабимиздир.

 

Ҳимоя стратегияси

 

1988 йили Эрон-Ироқ уруши сулҳ билан якунлангандан бери, Эрон ўз тупроқларида уруш олиб бормаган.

“Уруш Эронга руҳий таъсир ўтказган. Чунки Эрон Ироқдан камида уч баробар катта, аммо шунга қарамай Ироқни енга олмаган”, дейди Камрон Матин.

Урушдан тикланиш учун Эронга кўп вақт керак бўлди.

Шундан бери унинг ҳарбий стратегияси яна бир тўғридан-тўғри можародан қочишга қаратилган.

Бу Эронни ракета дастурини ривожлантиришга эътибор қаратишга олиб келди.

“Бу Эронга қарши ҳар қандай эҳтимолий ҳужумга нисбатан тийиб турувчи омил сифатида ишлайди ва бирор давлат билан бевосита тўқнашмасдан кучини ўз чегарасидан узоқроқда намойиш қилишга қодир қилади”, дейди Камрон Матин.

Аммо Эроннинг бевосита аралашишдан қочиш стратегияси ҳали ривожланаётган кўринади.

2024 йилнинг январида Эрон Ироқ, Сурия ва Покистондаги душман нишонларига зарба берди.

Покистон эса бунга рози бўлмай, жавоб қайтарди.

“Теҳронда ҳимоявий деб қаралаётган нарсаларга, минтақанинг бошқа жойларида ҳужум деб қабул қилишади. Ғазодаги уруш сабаб Эроннинг минтақадаги тийиб туриш обрўсига путур етди, деб қўрқаман. Энди у ушбу камчиликни тийиб туришнинг олий воситаси бўлмиш ядровий тийиб туриш билан қопласа керак”, дейди доктор Али Воиз.

Ғарб Эрон қачонлардир ядровий қурол ишлаб чиқишининг олдини олиш учун дипломатик чоралар кўрди.

Аммо президент Трамп 2018 йили буни таъминлашга қаратилган битимдан чиқди.

“Гап шундаки, бу ҳеч қачон қабул қилинмаслиги керак бўлган даҳшатли ва бир томонлама битим эди”, деганди Донал Трамп.

Бироқ 2023 йилнинг охирида АҚШ разведкаси Эронга бомба яратиш учун бир неча ҳафта кифоя қилишига ишонишини айтди.

Ёсамин Матрнинг айтишича, Эрон Ислом республикаси даъволарининг кўпига эриша олмади.

“У узоқ вақт қурол эмбаргоси остида бўлган давлат, у харажатлари минтақадаги аксар рақиблариникидан кўпроқ. У, аввало, ўзини асраб қолмоқчи”, дейди доктор Али Воиз.

 

Луис Барручо,

“Би-би-си” мухбири

Дўстларингизга ҳам юборинг: