Хайрият! Туркияда террорчилик гуруҳига аъзоликда гумонланиб ушланган Ўзбекистон фуқароси оқланди

Хайрият! Туркияда террорчилик гуруҳига аъзоликда гумонланиб ушланган Ўзбекистон фуқароси оқланди

Туркияда ИШИД террорчилик гуруҳига аъзоликда гумонланиб бир гуруҳ кишилар қўлга олинганди. Улар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси матбуот хизмати хабар берди, деб ёзмоқда “Daryo.uz”.

27 март куни Туркия маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ИШИД халқаро террорчилик гуруҳига аъзо деб гумон қилинаётган 70 киши ушлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қўлга олинганлар орасида Андижон вилоятида туғилган 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги аниқланган. Адвокатлар аралашуви натижасида унинг террорчилик гуруҳига алоқаси борлиги ҳақидаги важлар ўз исботини топмаган ва қўйиб юборилган.

Бош консулхона ўз ўрнида ўзбекистонликларни турли бузғунчи оқимларнинг домига илиниб қолмаслик учун қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия қилди:

экстремистик руҳдаги Telegram, Instagram, Тik-tоk, YouTube ва WhatsAP каналлари ва сайтларига аъзо бўлмаслик;

мобиль телефонларда билиб-билмай мутаассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратларни сақламаслик ва тарқатмаслик;

электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик.

“Зеро хорижда қилинган ҳар бир яхши ёки ёмон хатти-ҳаракат мамлакатимиз ва халқимизнинг обрўсига, қолаверса, фаолиятига таъсир этади”, — дейилади хабарда.

Март ойининг охирларида Туркиянинг 21 вилоятида ИШИДга қарши ўтказилган тўрт кунлик операция натижасида 50 дан ортиқ киши қўлга олинганди.  ИШИД номидан теракт уюштиришда гумонланиб, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароси ҳам ушланган.

Шунга ўхшаш операциялар Туркияда мунтазам равишда амалга оширилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: