Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (68-қисм)
У келгунича Фазлиддин шампунни тайёрлаб бўлганди. Охирги хомашёни ишлатди. У бирор тонна чиқди. Энди уни идишларга солиш қолган эди.
Цех дарвозаси тақиллаганда, Фазлиддин бошини кўтариб, эшик томонга бир муддат қараб турди. «Ҳеч кимга бугун маҳсулот бераман демаганман. Ким бўлди бундай пайтда келадиган?» дея кўнглидан ўтказди. Эшикни очганида эса унинг юзида табассум пайдо бўлди.
— Малоҳат?! — деди ҳаяжонланиб. — Қандай келдингиз?!
— Осон ва тез. Келаман деганмидим, мана, келдим, — дея жавоб берди Малоҳат жилмайиб.
— Университет нима бўлди? Кутубхона…
Малоҳат қўлини силтади.
— Менинг сира керагим йўқ экан. «Бир ҳафта дам олиб туринг. У ёқ-бу ёқни тозалашни, китобларни бир сидра рўйхатдан ўтказишни кейинги ҳафтадан бошлаймиз», дейишди. Шу гапларни эшитганимда, сал қолса, қичқириб юбораёздим.
— Ичкарига киринг. Мен сизга сизбоп иш топиб қўйдим. Лекин маза қиласиз, — деб Фазлиддин йўл бўшатди. Малоҳат кирганидан кейин эса эшикни қулфлади.
— Қаранг, — деди Фазлиддин икки тонна келадиган цистернанинг ёнига келиб, — бунинг жўмраги йўқ эди. Лекин мен жўмрак ўрнатдим. Энди идишларга қуюлтирилган суюқликни қуйиш жуда осон бўлди. Шунинг ёнгинасига ўтириб, бирма-бир идишларни тўлдираверамиз.
— Мен шу ишни қиламанми?
— Йўқ, сиз ёрлиқларни ёпиштирасиз.
— Келишдик унда.
— Фақат битта шарти бор. Чарчаб қолсангиз, албатта, айтасиз. Ҳа, бугун тушлик зўр бўлади. Узоғи билан икки юз қадам нарида ошхона бор. Кабоби бирам мазали. Ўша ерга борамиз.
— Хўп.
Шундай қилиб, улар ишга киришишди. Малоҳатнинг иши бошида унчалик ўхшамади. Чунки ёрлиққа олдин елим суртиш, ундан кейин пластик идишнинг қорнига ёпиштириш анчагина эътиборни талаб қиларди. Фазлиддин ундан анча олдинга ўтиб кетди. Кейин Малоҳатнинг ишини томоша қилиб, жилмайганча қараб турди.
Малоҳат бошида унинг нигоҳини сезмади. Шу боис ёпиштирилган ёрлиқнинг устидан оҳиста силаб қўйди. Сезганида эса хижолат бўлиб:
— Ўхшатолмаяпман, — дея кулди.
— Ўхшайди. Ўхшамасдан қаерга ҳам борарди? Мен сизга ёрдам бераман. Сиз елим суртиб беринг. Ёрлиқнинг орқасига учта чизиқ тортсангиз бўлди. У ёғини мен бажараман.
Фазлиддин ёрлиқларни жуда тез ёпиштирар ва унинг устидан оҳиста силаб қўймасди. Бир урарди, бўлди, шу билан ёрлиқ ёпишиб қолаверарди.
— Буни эркалаш керак эмас. Гарчи ичидаги сочларни майин, жилвакор қилса-да, ёрлиғига сал-пал қўполлик қилса ҳам зиён қилмайди…
Фазлиддиндан қўпол деган сўз умуман чиқмаса керак, деб ўйлаган Малоҳат кулиб қўйди.
Ишлар тезлашди. Тушгача тахминан беш юзта шампунни сотишга тайёр қилиб қўйишди. Кейин Фазлиддин ишни тўхтатди.
— Энди юринг, битта тушлик қилиб келамиз, — деди.
Тушликдан кейин уларнинг суҳбатлари ҳам, ишлари ҳам қизигандан-қизийверди. Суҳбат, асосан, қизлар ҳақида борди. Малоҳат шу тўғрисида гапиришни хуш кўрди. Фазлиддин жавоб берди. Аммо уларнинг иккиси ҳам шунақанги хавфли бир ҳолатда эди. Чунки ҳар иккисининг тепасига шайтон келиб олган. «Бир-бирингни севсанг, эртага оила қурадиган бўлсанг, қийналиб нима қиласизлар? Мана, ёлғизсизлар. Бу ерга ҳеч ким келмайди. Фойдаланиб қолинглар, қиз ва йигитнинг яқинлашишидан оладиган лаззатни татиб кўринглар», деб тинимсиз қулоқларига қуярди. Қулоқларига қуйилган нарса кўнгилларига келарди. Аммо ҳар иккисининг ҳам илми бор-да. Ана шу илмга таяниб, шайтоннинг васвасасидан омон қолишарди.
Шом пайти яқинлашганда, Фазлиддин ишни тўхтатди. «Агар яна давом этсак, эртага ҳеч нима қилолмаймиз. Ўтирамиз. Энди дам олиш керак», деди.
— Фазлиддин ака, мана шу битта шампунни тайёрлаш учун қанча харажат қилинади? — дея кутилмаганда Малоҳат сўраб қолди. Билиш унчалик ҳам қизиқ эмасди. Лекин оғзидан чиқиб кетди. Бу ҳам, аслида, шайтоннинг хизмати бўлиб, мол-давлатга ўчликнинг кичиккина бир кўринишини кўрсатиб берарди. Бунга чап беришнинг йўли мол эгасининг эътибор бермаслиги эди. Фазлиддин ҳам шундай қилди.
— Энди жудаям аниғини билмайман. Шу икки ярим-уч сўм атрофида бўлса керак.
У шундай деб Малоҳатга бирдан қараб қўйиб, бошини қашлади.
— Нима бўлди? — дея ундан сўради Малоҳат.
— Инсофдан жудаям чиқиб кетибман. Бир баробардан ҳам ортиқ қўйиб юборибман устига.
— Лекин сиз: «Ҳали замонавий ускуналар сотиб оламан, суюқликни ўзи қуяди. Ёрлиқларни ўзи ёпиштиради. Керак бўлса, қутиларгаям жойлаб қўяди», дедингиз-ку. Улар арзон турмаса керак.
— Ҳа, арзонмас. Менимча, шундай. Чунки нархини билмайман.
— Агар ўша ускунадан сотиб олсангиз, кейин нархини туширсангиз ҳам бўлади.
— Яна мен сизнинг ёнингизда ноқулай аҳволдаман.
— Энди буниси нимага?
— Чунки ишлатдим.
Малоҳат қиқирлаб кулди. Сўнг Фазлиддиннинг елкасига енгилгина туртиб қўйди.
— Адашасиз. Мен маза қилдим. Худди сизга ўхшаб кунимни мазмунли ўтказдим, деб ҳисоблай бошладим…
— Аммо мен қониқмадим. Бу муддат ичида қанча нарса ўқишим ва яна қанча нарсани таҳлил қилишим мумкин эди.
— Мана буниси, — деб яна туртди Малоҳат, — энди кунингизга рози бўлмаганингиз учун.
— Бундан ҳам зўри нима, биласизми?
— Йўқ.
— Сиз билан кун бўйи ёнма-ён бўлганим.
Малоҳат бошини эгди. Унинг юзига қизиллик югурди. Сўнг дарров бошини кўтариб:
— Ишчингизга музқаймоқ олиб бермайсизми? — дея сўради жилмайиб.
— Икки марта олиб бераман. Бундан ташқари, кечки овқатни ҳам бирга қиламиз. Келишдикми?
— Хўп, — деб бош ирғади Малоҳат.
— Бунинг учун мен аввал масжидга кириб чиқаман…
— Мен эса, — дея унинг гапини бўлди Малоҳат, — ётоқхонага.
— Келишдик.
Улар таксига ўтиришди. Аввал Малоҳат ётоқхона ёнида қолди, кейин шу таксида Фазлиддин масжидга кетди.
Шу кун улар учун унутилмас бўлди. Иккиси ҳам бир умрга хотирасига муҳрлаб қўйди.
Куни билан бирга бир жойда бўлиш ва яна кечки овқатни бирга қилиш икковининг ҳам хаёлига келмаганди. Фазлиддин Малоҳатни ўзиники қилиб олмоқчи эди. Бошида, бош мақсади шу эди. Шунинг учун кунни тунга улади, не-не тунларни бедор ўтказиб, ўқиди, изланди. Мана, энди деярли мақсадига етиб турибди. Мана, энди у Малоҳатга эришгандай…
Фазлиддин ўзи ўқиши керак бўлган китобларнинг бир қисмини бироз ўқигандан кейин ёстиққа бош қўяр экан, Малоҳатнинг жилмайишини кўз олдига келтирди…
Улар уч кун мана шундай бирга ишлашди. Шу уч кун мобайнида Фазлиддин ётоқхонадан Малоҳатни олиб кетди. Аммо тўртинчи куни у бормади. Сабаби, отаси билан акаси келди. Бир кун олдин кечки пайт келган экан. Фазлиддинни улар йўлак ёнида кутиб ўтиришган экан.
— Хайрият, — деди Фахриддин Фазлиддин кўриниш бериши билан ўтирган жойидан туриб, — сени кутавериб, тинкамиз қуриб кетди.
Малоҳатни ётоқхонада қолдирган Фазлиддин хуфтонни ўқишга шошиб келаётганди бу пайтда.
— Эй-й! Билмабман. Билганимда, эртароқ келардим! — дея ҳайқирди Фазлиддин ва яқинлари билан қучоқлашиб кўришди.
Уйга кирганларидан сўнг у чой дамлади, қозонга овқат солди. Сўнг намозини ўқиб олди.
Ота-болалар анча муддат гаплашиб ўтиришди. Фазлиддин уларга ишни бир бошидан тушунтириб берди. Эртасига мижозлари келишларини ҳам қистириб ўтди. «Атайлабдан мол беришни озроқ тўхтатиб турдим. Олдин захира йиғиб олайин, дедим. Бўлмаса, кўзимни очиришга қўйишмади. Юк машинаси ҳам келганди. Униям қайтариб юбордим», деб қўшиб қўйди.
— Уйни нима қилдинг? Пулини йиғиб қўйдингми? — деб сўради Фармон ака.
— Ҳа. Озроқ йиққанман. Лекин қанчалигини ҳали санаганим йўқ. Ҳозир олиб келаман.
Фазлиддин шундай деб доим қулф турадиган, пул сақланадиган хонага кирди. Тахламлари бузилган пулларнинг барини олиб, отаси билан акаси ўтирган хонага олиб кирди.
— Эҳҳе, — деди Фахриддин бир қучоқ пулга кўзи тушиб, — бирор ўнта квартирага етадиёв.
— Йўқ, унчамас. Майдаси кўп. Шунга кўп кўриняпти, — дея тушунча берди Фазлиддин.
Фармон аканинг эса кўзларида қувонч бор эди.
Ота-болалар пулларни санашди. Йигирма икки мингдан бироз кўпроқ чиқди.
— Бемалол оларкансан, болам. Мен ҳам белимга беш минг сўмни боғлаб келганман. Икки минг ортаркан ҳам. Энди сотарманга қўнғироқ қилсанг ҳам бўлади, — деди Фармон ака ўғлидан миннатдор бўлиб.
— Ишларни жойига қўйиб олайлик, кейин айтаман унга. Ҳали вақтимиз бор-ку. Эртага маҳсулотларни магазинларга тарқатишим керак, — дея отасига қараб қўйди Фазлиддин.
— Менга қара, кунига қанча топасан? — деб бурнини тортиб қўйди ака.
— Билмайман. Мана, сизлар келдингиз, бундан бу ёғига санаб борамиз-да.
— Лекин, ота, — деди Фахриддин, — шунча пулни уйда қаровсиз қолдириб бўлмайди.
— Ҳимм. Боя онангниям олиб келсак бўларкан.
— Ҳаммамиз кўчиб келсак бўларкан-да.
— Қишлоқдаги уйни молларга қолдирармидик? — деб катта ўғлига ўқрайиб қараб қўйди Фармон ака.
Тахланган пуллар яна аввалги жойига борди. Ота-болалар эса ухлашга ётишди…
Эртаси куни вақт пешиндан ўтган эди. Фазлиддин маҳсулотларнинг ҳаммасини магазинларга тарқатиб бўлган, пулларини олиб, ишхонасига келган эди. Шу пайт цехнинг темир эшиги тақиллаб қолди.
— Яна бирорта мижозинг келган бўлса керак, — деди Фармон ака пул тўла сумканинг устига латта ёпиб қўйиб.
— Ҳаммага бериб келдим. Ҳеч ким қолмади, — дея елкасини қисиб қўйди Фазлиддин ва бир-бир қадам босганча бориб темир эшикни очди ҳамда калта қора чарм куртка кийган, гавдали икки кишига кўзи тушди. Уларнинг биттаси сақич чайнаб турарди.
— Фазлиддинбой ўзларими?! — деди айнан сақич чайнаб тургани.
— Бой эмас-у, лекин Фазлиддинман. Келингизлар, — дея ҳайрон бўлиб уларга қаради Фазлиддин.
Унинг сўнгги сўзни талаффуз қилгани келганларга кулгили туйилди, шекилли, иржайиб бир-бирига қараб қўйишди.
— Эшитишимизга қараганда, роса соққа қилаётган эмишсан, — деб бояги нусха чайналган сақичини ерга туфлади.
— Ким айтди? — деб сўради Фазлиддин ўзини хотиржам тутиб.
— Тешик қулоқ эшитади-да. Манга қара, шунча соққани босаётган экансан, бундай кўчадаги окаларга салом беришни эсингдан чиқарибсан… Ё кўчага «қўйдим!» дедингми?!
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)