Имомлар, имомлар, имомлар!..
Қабристонни тозалашга имомни бош қилишади. Чунки халқ имом айтсагина келади қабристон тозалагани. Хайрия ишларига имомларни бош қилиб қўйишади. Чунки имомлар айтсагина кишилар хайрия ишларида қатнашади.
Оддийгина мисол: Кичкинагина бир болалар боғчасига гилам керак бўлди. Маҳалла раиси нима қилишини билмай яна имомга мурожаат қилди. Чунки халқ маҳалла раисига бермайди. У ишончдан чиққан. Бу ишни имом ҳал қилади.
90-йилларда ўзбек-қирғиз можароси бўлди. Аллоҳ раҳмат қилсин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бориб дилни тешиб ўтадиган гаплар билан барчани йиғлатиб икки халқ ўртасидаги муаммонинг олдини олдилар. Бу бошқа кишининг номидан чиқди кейинроқ. Агар имом бормаганида қанча-қанча қонлар тўкилар эди.
Бузуқ эътиқоддаги кишиларга қарши яна имомларни қўйишди. Чунки бузуқ эътиқодли кишилар оддийгина «қайт бу йўлингдан» деган гап билан қайтиб қолмайди. Унга далил- ҳужжатлар билан исбот қилиб бериш керак йўлининг хатолигини. 90-йилларда турли оқимлар кўпайди. Ваҳҳобийлар, Ҳизбут таҳрир, Салафийлар ва ҳоказо…
Аллоҳ раҳмат қилсин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини. Катталаримиз дарҳол шайх ҳазратларини четдан Ўзбекистонга қайтариб келишди. Чунки бузуқ эътиқоддагиларга қарши курашиш лозим. Ҳазрат келиб «Дин насиҳатдир» ни ёздилар. Жуда кўп кишилар уни ўқиб онгли равишда бузуқ эътиқодини тарк қилди. Кўп инсонлар билан шахсан ўзлари суҳбат қилдилар. Улар тавба қилишди. Ўзлари билан суҳбат қилганимда бир воқеани айтиб бергандилар. Зиёратларига бир киши келиб куёви ҳизбнинг амирларидан бири эканини, у билан бир гаплашиб кўришларини илтимос қилади. Ҳазрат рози бўладилар. У йигит келади. Ҳазрат қарийб икки соат суҳбат қиладилар. У икки ойларча кўчага чиқмайди, ҳамтовоқлари билан учрашмайди. Кейин ҳизбдан қайтганини эълон қилади.
Имомлар билан суҳбат қилсангиз, уларнинг оғзидан олов чиқади. Нимадан? Бефойда мажлислардан. Мажлислар сабаб намозлари қазо бўлаётганидан. Тўрт соат мажлис бўлиб шундан уч минути имомларга боғлиқ масалага бағишланганидан. Шу уч минутни тўрт соат кутишганидан…
Имомлар керакли шахслар. Халқ билан самимий алоқага фақатгина имомлар чиқа олади. Ҳатто ҳоким ҳам улардек гаплаша олмайди халқ билан, қолганини қўяверинг. Нима қилиш лозим? Менимча, имомларнинг ваколатларини кенгайтириш, уларга имтиёзлар бериш, уларнинг намозлари қазо бўлишига йўл қўймаслик, имкониятларини кенгайтириш, бефойда мажлислар билан уларни қийнамаслик лозим!
Сизлар нима дейсизлар?
Шайх Алижон қори саҳифасидан олинди.